Украинадаги уруш оқибатида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда корхоналар ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши ва кредит олиш имкониятларининг қисқариши туфайли сезиларли даражадаги босимни бошдан кечирмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки Марказий Осиёнинг мазкур учта давлатида ўтказилган янги «Бизнес пульси» (Business Pulse Survey) тадқиқоти натижаларига таяниб, хабар қилди.

Банкнинг қайд этишича, мазкур тадқиқот натижасида олинган маълумотлар Украинадаги урушнинг минтақадаги бизнес операцияларига, шу жумладан, ҳар бир мамлакат контекстидаги эҳтимолий таъсирини баҳолаш имконини беради.

Ишлаб чиқариш харажатлари ва нархларнинг ўсиши

Уруш туфайли Россия ва Украинада юзага келган иқтисодий танглик ҳар икки давлат билан яқин иқтисодий алоқаларга эга бўлган минтақа мамлакатларидаги корхоналар фаолиятида акс этмоқда. Банк сўровномасида иштирок этган корхоналарнинг 65 фоизи 2022 йил февралидан бери ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганини маълум қилган.

Хусусан, ўзбекистонлик респондентларнинг ярмидан кўпи — 56 фоизи ишлаб чиқариш фаолиятида харажатларнинг ўсиши кузатилаётганлигини қайд этган. Тожикистон учун мазкур кўрсаткич 53 фоизни ташкил этган. Ишлаб чиқариш харажатлари ўсишини бошдан кечираётган корхоналарнинг энг юқори улуши — 87 фоиз — Қирғизистон учун характерли бўлиб, бу қирғиз корхоналарининг Россиядан кириб келадиган маҳсулот ва материаллар импортига қарамлик даражаси нисбатан юқори экани билан изоҳланган.


Маълум қилинишича, сўровномада қатнашган корхоналарнинг 43 фоизи Россия ва Украинадан импорт ҳажми қисқаргани ёки мазкур мамлакатлардан харидлар тўлиқ тўхтатилгани ҳақида хабар берган. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш харажатларининг ўсиши сабаб корхоналар маҳсулот нархини ошириш ёки даромадлиликнинг пасайиши билан курашишга мажбур бўлмоқда.

Бундан ташқари, ўз маҳсулотларини Россия ёки Украина ҳудудида фаолият юритувчи экспортёрлар ёки трансмиллий корпорацияларга сотадиган корхоналар сотувлар ҳажми ўртача 5 фоизга қисқарганини маълум қилишган. Бу борада кўрсаткичлар орасида сезиларли тафовутлар мавжуд бўлиб, сотувлар ҳажмида 3 фоиз атрофида ўсишдан тортиб, айрим ҳолатларда, қарийб 13 фоизгача қисқариш қайд этилган.

Таъкидланишича, ўз маҳсулотларини Россия ёки Украина ҳудудида реализация қилмайдиган корхоналар савдоси ўртача 5 фоизга ошган.

Кредитлаш имкониятининг қисқариши

Тадқиқот натижаларининг шуни кўрсатадики, 2022 йил февралидан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон корхоналарида молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар тобора чуқурлашмоқда. Банк буни корхоналар фаолиятининг даромадлилиги пасайиши ва янги кредит маблағларидан фойдаланишнинг қийинлашгани билан изоҳлайди. Сўровномада иштирок этган корхоналарнинг чорак қисми мазкур муаммодан азият чекмоқда ва, ўз навбатида, мавжуд кредитларни корректировка қилиш ва қарз юкини камайтиришга эҳтиёж сезмоқда. Бундай корхоналар улушининг энг паст даражаси Ўзбекистонда (17 фоиз), энг юқори даражаси эса ташқи савдода Россия билан энг кўп интеграциялашган Қирғизистонда (32 фоиз) қайд этилган.


Тадқиқот натижаларига кўра, кредит олиш билан боғлиқ тобора ортиб бораётган муаммолар, молиявий ҳолатидан (беқарорлик даражасидан) қатъи назар, ҳеч бир корхонани четлаб ўтмайди. Кредит маблағларини жалб қилишда корхоналар дуч келаётган асосий қийинчиликлар рўйхатида, юзага келишнинг энг катта эҳтимоллиги билан, юқори фоиз ставкалари қайд этилган. Иккинчи ўринда — корхоналарга тобора ўсиб бораётган кредит рискини енгиш ва кредит бўйича фоиз ставкаларини пасайтириш имконини бериши мумкин бўлган гаров ёки кафолатларнинг мавжуд эмаслиги. Учинчи ўринда — банкларнинг кредит маблағларини тақдим этишга тайёр эмаслиги. ЖБнинг таъкидлашича, бу глобал миқёсда ноаниқликларнинг кучайиши шароитида кредитлаш қоидаларининг қатъийлаштирилиши ва таваккалчиликдан қочиш зарурати билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Умуман олганда, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон корхоналари ишлаб чиқариш харажатларининг ўсиши ва кредит олиш имкониятларининг торайиб бораётгани сабаб босимни бошдан кечирмоқда. Натижада, ушбу корхоналарнинг фаолият самарадорлиги ва рақобатбардошлигига путур етиши мумкин, бу эса бизнеснинг ёпилишига, иш ўринларининг йўқотилишига ва иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келади», — дейилади хабарда.

Банк мазкур мамлакатлар мутасадди органларига, юзага келган чақирувларга жавобан, тадбиркорларга шаффоф тарзда ёрдам кўрсатиш юзасидан айрим тавсияларини келтириб ўтган. Жумладан:

  • тадбиркорларга Россияга қарши санкциялар таъсири остида қолган савдо оқимларини қайта йўналтириш ва диверсификация қилиш имконини бериш, шунингдек, муқобил экспорт бозорларини аниқлашда элчихоналарни жалб қилиш;
  • транспорт, логистика ҳамда савдо ҳисоб-китоблари билан боғлиқ муаммоларни, шу жумладан, Россияга қарши жорий этилган санкциялар туфайли вакиллик банклари фаолиятидаги узилишлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга имкон яратиш;
  • ҳақиқатан ёрдамга муҳтож бўлган корхоналарнигина қўллаб-қувватлаш ва бюджет маблағларининг беҳуда сарфланишига йўл қўймаслик мақсадида корхоналарни молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлашнинг мақсадлилигини ошириш;
  • банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тўловга лаёқатсиз қарздорларга нисбатан мажбурий ижро чораларини қўллаш ва уларни кредиторлардан ҳимоя қилишдан воз кечиш тартибининг муддатлилиги ва шаффофлигини таъминлаш, паст маҳсулдорликка эга бўлган иқтисодий ноқобил корхоналар ўз фаолиятини давом эттириши учун яна бир имкониятга эга бўлишининг олдини олиш ва шу билан бирга бозорга янги корхоналарнинг кириб келишини енгиллаштириш.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига молия секторини ислоҳ қилиш мақсадлари учун 15 млн доллар имтиёзли кредит ажратиши ҳақида хабар берилган эди.