Душанба куни Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг ҳафта давомидаги иш режаси ҳақида маълумот берди, деб хабар қилди блогер Азиза Қурбонова.

Душанба куни давлат раҳбари тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор ўтказиши кўзда тутилган.

28−29 июль кунлари Тошкентда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёевнинг Ташкилот ташқи ишлар вазирлари билан учрашиши кутилмоқда.

25−26 июль кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади ва унда 20 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этади. Уларга президент мурожаати йўлланади.

Таъкидланишича, брифингда 24 июль — Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни қандай ўтгани ҳақида ҳам ахборот берилди.

«Ҳафтанинг сўнгги куни якшанба дам олиш куни бўлишига қарамасдан давлатимиз раҳбари учун фаол тарзда кечди. Президентимиз Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари, шунингдек, Туркия Республикаси етакчилари билан телефон орқали мулоқотлар қилди. Мулоқотларда хорижий давлат раҳбарлари президентимизни таваллуд айёмлари билан қутладилар, шунингдек, икки томонлама алоқаларнинг янада ривожлантириш борасида суҳбат қилдилар», — деди Шерзод Асадов.

Қайд этилишича, давлат раҳбарининг ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда.

«Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун ҳурматли Шавкат Миромонович РФ президенти томонидан Александр Невский ордени билан тақдирланганликлари ҳам бунинг бир ифодаси бўлди», — деди президент матбуот котиби.