Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов 21 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳозирда мамлакат тижорат банклари учун нақд хорижий валютани мустақил равишда олиб кириш қийин кечаётганини тасдиқлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Бизнинг тижорат банкларимиз ва қўшни давлатларнинг ҳам тижорат банклари нақд хорижий валюта банкнотларини асосан Россия банкларидан олиб келишган. Ҳозирги кунда Россия банклари чет эл валютасидан фойдаланиш бўйича тақиқларга дуч келди. Бу банкларимизнинг [нақд валюта олиш] имкониятларини кескин чеклаб қўйди», — деди Марказий банк раҳбари.

Март ойидан бошлаб Марказий банк Нью-Йорк Федерал захира банкидан Ўзбекистонга нақд хорижий валютани марказлаштирилган тарзда етказиб берилаётгани ва банкларни чет эл валютаси билан таъминлаётгани хабар қилинган эди. Охирги икки ой давомида 2,5 млрд долларлик нақд пул банкнотлари импорт қилинди.

«Тижорат банкларимиз буюртмасига кўра, ҳар ойда бир ёки икки марта, баъзан эса уч марта биз уларнинг нақд хорижий валютага бўлган эҳтиёжини таъминлаб келяпмиз… Лекин бу тижорат банклари ўзлари валютани импорт қила олмайди, дегани эмас. Шунингдек, улар Европа давлатларидаги хорижий банклардан валюта олиб келиб, валюта айирбошлаш операциялари ёки пул ўтказмалари операцияларини амалга оширишлари мумкин», — деди у.

Мамаризо Нурмуратов ўзбек банклари томонидан Европадан нақд валюта етказиб бериш кескин камайганининг яна бир сабабини айтиб ўтди.

«Бу ерда маълум сиёсий шартлар ҳам бор. Шунинг учун Европа тижорат банклари [Ўзбекистон банкларига нақд пулни] бироз хавотир ва хатар билан беришади. Иккинчидан, тижорат банкларининг нақд пул [валюта] эмиссияси учун комиссияси кескин ошди», — деди у.

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, банклар нақд валютани олиш учун бошқа банкларга 0,3−0,4 фоиз комиссия тўлаши керак, Ўзбекистон Марказий банки эса 0,12 фоиз комиссия тўлаш орқали чет эл валютасини импорт қилади.

«Ҳеч бир Европа банки бизга нақд валюта беришда чеклов қўйгани йўқ», — дея қўшимча қилди у.

2020 йилда коронавирус пандемияси бошланганда, аксарият давлатлар томонидан ҳаво қатнови чекловлари жорий этилгани сабабли тижорат банклари учун нақд хорижий валютани мустақил равишда олиб кириш қийин бўлган эди. Кейин Марказий банк ҳам банклар учун валютани марказлаштирилган ҳолда етказиб беришни ташкил қилди.

Апрель ойида «Газета.uz» Ўзбекистонда банклар қатъий санкцияга тушган банклардан олинган кредитларни иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компанияларини жалб қилгани ҳақида хабар берган эди.