Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Орзу-ҳавасга пул ортмайди, лекин яшашга етади»
Қовун-тарвуз сотувчилари қандай яшаб,
қандай ишлашмоқда?
Бозорлардаги қовун-тарвуз сотувчиларини қуёшдан қорайган юзлари, бош ва елкаларига ташлаб олган докадан таниш мумкин. Улар жилмайиб, харидорларга ёз лаззатини татиб кўриш учун тарвузнинг хуштаъм «чақмоғини» узатадилар. «Газета.uz» улар билан ҳаёти, даромадлари ҳамда ширин қовун ва тарвузни қандай танлаш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди.
Бозорлардаги қовун-тарвуз сотувчиларининг юзлари қуёшдан қорайган, бош ва елкаларига дока ташлаб олишган. Уларнинг чорловчи овози пичоқ тарвузнинг йўл-йўл пўчоғини кесгани сингари тўлиб-тошган оломоннинг шовқинини ёриб ўтади. Сертабассум сотувчилар хуштаъм тарвуз тилимини харидорларга узатиб, ёзнинг ушбу лаззатини татиб кўришни таклиф қилади.

«Газета.uz» пойтахтнинг асосий савдо нуқталарига бориб, тарвуз-қовунлар ҳақида ҳамма нарсани биладиган одамлар билан суҳбатлашиб, улардан ҳаёт тарзлари, даромадлари ва ширин қовун-тарвузларни тўғри танлаш сирлари ҳақида сўради.
Чиғатой кўчаси — узун қаторда турли хил тарвуз ва қовунлар сотиладиган расталар ўрнатилган жой. Бу ерда сотувчилар ўнлаб йиллар давомида ўз далаларида етиштирган ёки деҳқонлардан сотиб олинган қовун-тарвузларни сотишади. Кўча бўйида жами 15 та нуқта жойлашган бўлиб, уларда ўн мингдан ортиқ пишган полиз экинлари сотилади.
Чиғатойдаги энг ёш сотувчи — 13 ёшли Шукуруллоҳ. Отасига ёрдам бериб, кундузи тарвуз сотади, кечқурун унинг ўрнига акаси келади. Улар биргаликда беш йилдан буён оилавий бизнесни юритиб келишади.

«Сменам 6:30-07:00 да бошланади. Биринчи бўлиб Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятининг Бўка шаҳридан деҳқонлар уч-тўрт кунда бир марта етказиб берадиган тарвуз, қовун ва қовоқларни тушириб, тахлаймиз. Бир мартада 800 дан 1000 тагача тарвуз сотиб оламиз. Кунига 150-200 дона сотишга улгурамиз», — дейди бола.
Тарвузлар қанча эрта пишса, савдо шунча яхши бўлади
Унинг сўзларига кўра, тарвузнинг нархи катта-кичиклигига қараб 10 минг сўмдан 25 минг сўмгача ўзгариб туради. 800 дона тарвуз сотишдан бир оилага ўртача 10 млн сўмга яқин даромад тушади. Бу пулнинг бир қисми билан улар кейинги партияни сотиб олишади, фойдани эса ўзлари учун сақлаб қоладилар.

«Ҳар йили бизнесимиз даромади ортиб бормоқда. Мавсум баҳор охиридан бошланади ва кузнинг ўрталарига қадар давом этади. Тарвузлар қанча эрта пишса, савдо шунча яхши бўлади», — дейди Шукуруллоҳ.
Унинг сўзларига кўра, барча сотувчилар ҳар куни, бу ерда одатда «патта» деб аталадиган 15 минг сўмга тенг ер солиғини тўлайди. Бу бозорнинг маълум бир нуқтасида тарвуз билан савдо қилиш ҳуқуқини беради.
реклама
реклама
«Бу ерга биринчи марта келганимизда, кўчанинг пастки қисмида жойлашишни режалаштирган эдик, лекин жой йўқлиги сабабли автобус бекатига яқин жойда жойлашдик. Вақт ўтиши билан бу ерда савдо яхшироқ кетаётганини англадик. Энди бу ер бизнинг жойимиз», — деб айтади Шукуруллоҳ.

Бола ҳафтада олти кун ишлайди ва якшанба куни дам олади. Икки ҳафтада бир кун дам олади, лекин қаттиқ чарчаган бўлса, уйда узоқроқ қолиши ҳам мумкин.
У ўз ишида энг яхши кўргани сотиш эканини тан олади.

«Кунига 20-30 минг сўм оламан. Бу пулларни йиғаман, кейин ўзим учун нимадир сотиб оламан. Тушлик пайти яқиндаги кафега боришни яхши кўраман, овқатни ўзим билан оволиб, сотишда давом этиш учун қайтиб келаман», — дейди Шукуруллоҳ.

Қишда боланинг оиласи бозорлардан сотиб олинадиган қуритилган мевалар савдоси билан шуғулланади, эрта баҳорда эса варрак сотади. Шукуруллоҳ ёзги таътилни қовун-тарвуз уюмлари ортида ўтказади. Савдодан бўш вақтини эса сотувчилар билан суҳбатлашиб ўтказади. Улардан бири боладан пишган тарвузни қандай танлашини кўрсатишни сўради. Бола тарвузни уриб-уриб, бармоғини унинг юзаси бўйлаб юрғизади.

«Урилганида характерли қарсиллаган товуш чиқса ва оқ чизиқлари тиниқ, яшил рангга қараганда кенгроқ бўлса, демак, тарвуз яхши», — дейди у.
Шукуруллоҳ қовун ва қовоқлар қўйилган стол томонга ўтди. Уларни тартибга солиб, энг яхшисини танлар экан, қовунлардан бири қўлидан сирғалиб, ерга тушиб кетди. Тирсиллаган овоз чиқди — ва қовуннинг сариқ дағал пўстлоғи юзаси ёриқлар билан қопланди. Шу ерда нон сотаётган аёл: «Барибир бугун қовун ейиш насиб этган экан-да», — деб кулади.

Бола пичоқни олиб, қовунни тилимлади. Асалнинг ҳиди ҳавони тутиб кетди.
Савдо нуқтасига қовун-тарвуз ортилган «Дамас» яқинлашди. Бир йигит машинадан тушиб, Қўйлиқ деҳқон бозоридан сотиб олган молларини тушира бошлади.

«Бу жойда анчадан бери, тахминан беш-олти йилдан буён савдо қилиб келаман. Бу вақт ичида тарвуз ва қовунларнинг навларини, сифатини фарқлашни ўргандим. Бир қарашда пишган ёки охиригача етилмаганини билиб оламан», — дейди Рамзиддин Акбаров тахталар устига тарвуз ва қовунларни тахлар экан.
Унинг сўзларига кўра, Чиғатой унинг учун идеал савдо нуқтасига айланган, чунки ўзи ҳам яқинроқда, шу номдаги маҳаллада яшайди. Жадвал эмас, балки хоҳиш бўйича ишлайди. Талаб катта бўлгани учун ака-укалари билан ҳар куни бу ерга чиқишларини тан олади. Дам олмаганига анча бўлган. Майдан сентябргача шундай давом этади.

«Эртадан кечгача тарвуз сотамиз. Баъзан 00:00–1:00 гача ушланиб қоламиз. Ҳаммасини сотишга улгурмасак, машинага қайта ортамиз ёки таваккал қилиб шу ерда қолдириб кетамиз. Ҳозирча бирор марта ҳам тарвузларимиз йўқолмаган», — дейди Рамзиддин Акбаров.
реклама
реклама
Ҳар икки ёки уч кунда бутун қовун-тарвузлар ассортименти янгиланади. Ёмон бўлиб қолган тарвуз-қовунлар молга берилади.

«Биз фақат янги маҳсулотларни сотамиз, чунки мижозлар ишончи биз учун муҳим. Мижозлар шикоят билан келса ҳам, ҳар бирига алоҳида ёндашишга ҳаракат қиламан ва ҳаммага хушмуомалалик билан тушунтираман. Аммо бундай ҳолатлар деярли содир бўлмайди. Барча харидорлар мамнун», — дейди Рамзиддин хурсанд бўлиб.
У турли бозорлардан харид қилади ва олиб-сотарларга маҳсулот сотадиган деҳқонлар йил сайин камайиб бораётганини айтади. Ҳозир биринчи ва иккинчи терим қовун-тарвузлар тугагани сабабли бозорларда нархлар ошган. Йигитнинг айтишича, у таннархнинг устига озгина қўшади — ҳар бир тарвуздан 2000–3000 сўм қолади. Катта тарвузлардан кўпроқ даромад қолади, эскириб қолмаслиги учун кичикларини ўз нархида бериб юборади.

«Икки мавсум давомида анча кам даромад оламиз. Бу бизнес одамлар ўйлаганчалик даромад келтирганида эди, ҳамма тарвуз-қовун сота бошлаган бўларди», – деб кулиб юборди йигит.

Рамзиддин пул йиғиб, ўз бизнесини йўлга қўйиш — дўкон очишни орзу қилади. У тарвуз-қовун савдоси билан чекланиб қолишни истамаслигини ва бошқа соҳаларда ҳам ривожланишни режалаштираётганини таъкидлайди.
Пишган тарвузни қандай танлашни айтиб беришни сўраганимизда, Рамзиддин ҳамма нарса рангга боғлиқ, деб жавоб беради.

«Пишган ва мазали тарвуз чиройли пўстлоғи ва ёнбошидаги ёрқин доғи билан ажралиб туради. “Қиз бола” тарвуз юмалоқ шаклга эга ва доғи сариқ рангли бўлади. Уларнинг таъми ширинроқ ва уруғлари камроқ деб ҳисобланади. “Ўғил болалар” эса сувлироқ ва овалроқ бўлади», — деб тушунтиради сотувчи.

У тарвуз-қовуннинг катталигига эътибор қаратишни маслаҳат беради. Энг яхшиси, ўртачасини танлаш керак. Рамзиддиннинг сўзларига кўра, жуда катта бўлган тарвузлар пишмаган бўлиб чиқиши мумкин, майда ва енгил тарвузларнинг ичи эса пахтага ўхшайди.
Kўчанинг пастроғида тунги сменада ишлайдиган сотувчилар каравот ва кўрпачаларда дам олишяпти. Улардан бири — Дилноза Қодирова. Аёл 18 йилки Жиззах вилоятидаги уч гектар ерида ўзи етиштирадиган ҳосилни Чиғатой бозорида сотади. Унинг участкасида 20 турдаги қовун, тарвуз ва қовоқ ёнбошлаганча харидорларини кутади.
«Деҳқончилик – ҳалол касб, лекин бу ишни ҳамма ҳам қилавермайди. Ерга уруғ ташласангиз, тарвуз ўз-ўзидан ўсиб чиқмайди. Май ойида уруғ қадашдан сентябрда охирги ҳосилни йиғишгача узоқ ва машаққатли меҳнат талаб этилади. Қуёш чиқмасдан олдин далага борамиз ва эрталаб соат 10 гача ишлаймиз — иссиқ сабабли у ерда узоқроқ қолишнинг иложи йўқ. Кечқурун қайтамиз. Қувонарлиси, меҳнатимиз ўз самарасини бермоқда. Бу йил 15 тонна ҳосил олиш ниятидамиз», — дейди аёл.
Тошкентда Дилнозанинг иш куни эрталаб соат бешда бошланади. У ўз жойига етиб келиб, участкасини супуриб ташлайди ва қоронғигача давом этадиган савдони бошлайди. Аёлнинг қўшимча иши ҳам бор. Буюртма бўйича хамирдан чучвара, хоним, лағмон ва норин тайёрлайди. Буюртмалар кўп бўлса, Дилноза болалардан унинг ўрнини эгаллашни ва қовун-тарвуз пештахта ортида туришларини сўрайди. Агар харидорлар кўп бўлса ёки барча товарлар сотилмаган бўлса, шу ерда тунаб қолишга тўғри келади.

Аёл ўз ишида одамлар билан мулоқот қилиш унинг учун энг қийини эканлигини тан олади.

«Ҳозир ер нархи анча қимматлашгани учун қовунларни 20-25 минг сўмдан сотаман. Мижозлар мендан нега бунчалик қиммат эканлигини тез-тез сўрашади. Уларни етиштириш ва шаҳарга етказиш учун кўп вақт ва маблағ керак, деб жавоб бераман. Тушунадиганлар кам», — дейди Дилноза.
Аёл кузнинг охирида бутун ҳосилни сотишдан олинган даромадни ҳисоблайди. Ҳосил етишмовчилигида у атиги икки миллион сўмни ташкил қилиши мумкин. Мавсум яхши ўтса, бу миқдор ўн миллионга ҳам етиши мумкин.

Тўпланган пулга Дилноза машина сотиб олиш, уй солиш, болаларнинг тўйини қилишга улгурди.

«Оилам ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини билиш — бу ишнинг энг севимли қисми», — дейди у.
«Чорсу» бозоридаги озиқ-овқат бўлимининг мева-сабзавот қаторлари орасида тарвуз ва қовун ортилган иккита катта фургон турибди. Улар меҳнаткаш ва камтарин деҳқонларга тегишли бўлиб, деҳқонлар қуёш чиқмасданоқ ҳосилини бозорга олиб келиб, бошқа сотувчиларга улгуржи сотишади. Уларнинг аксарияти аллақачон келишувни якунлаб, уйларига кетишган. Кимдир шундоққина ернинг ўзида қовун сотиш учун қолган.
Икки аёл йўл четида йиғма соябон остида ўтирибди. «Учтаси ўн минг, янги қовунлардан сотиб олинг», — деб ўткинчиларни чақиришади.

Бир неча метр нарида машина тўхтади. Ҳайдовчи — кекса эркак — узоқ вақт қовун танлади, уларнинг ҳидига «қулоқ солади». Унинг айтишича, шу орқали қовуннинг қанчалик янги узилганлигини аниқлаш мумкин.

Ўрта ёшлардаги эркак жараённи жим туриб кузатди. Унинг минивэни пишган қовунларга лиқ тўла.

«Доимий мижозимиз. Ҳар куни келиб, биздан қовун сотиб олиб, маҳаллаларга етказиб беради», — дейди аёллардан бири жилмайиб бош ирғаганча.
Дилрабо Саидова асли самарқандлик. Бу аёл ҳар куни 600 га яқин қовун сотиб олади, «Чорсу»да ярим тундан тонгга қадар савдо қилади. Шундан кейин метронинг олдига ўтиб, у ерда қовун-тарвуз сотишни давом этади. Дилрабонинг ёнида кун давомида дам олиши учун кўрпачаси туради.

«Асосий даромад манбамиз савдо ҳисобланади. Биз йил давомида турли жойларда, асосан бозорлар яқинида ишлаймиз. Ҳозир қовун мавсуми бошланган, у ноябргача давом этади. Кейин мева олиб келамиз», — дейди аёл.
Дилрабо Тошкентга яхши ҳаёт умидида келган. У қўшниси билан ижарага олган квартирада яшайди. Уйда, Самарқандда аёлларни оиласи ва фарзандлари кутади.

Улар топган пулларини овқатланиш, ижарага, шунингдек, ер солиғига – кунига 20 минг сўм – сарфлайди.

«Орзу-ҳавас учун пул ортмайди, лекин яша учун етарли», — деб тан олади Дилрабо.
реклама
реклама
Йўл бўйлаб сал нарида ўткинчилар ҳаяжонли манзарани томоша қилишади: бир қиз эпчиллик билан йўл четидан аёлга қовун отади, аёл эса уларни тутиб олиб, дарахт остидаги сояга қўяди.
Муқаддас Қўчқорова турмуш ўртоғи билан Наманган вилояти Норин туманидаги 1 гектар 30 сотих ер майдонида деҳқончилик билан шуғулланади. Одатда сотиш учун кўкатлар ва мевалар етиштирилади.

«20 йилдан буён бозор марказида ўз жойимизга эгамиз. Наманганда деярли ҳар бир оила деҳқон, ҳамма нимадир етиштиради, шунинг учун сабзавот-мева савдосига Тошкентдагидек талаб юқори эмас», — дейди Муқаддас.

Бу йил оила участкага қовун экишга қарор қилди. Биринчи ҳосилни «Чорсу» бозорига олиб келишди. Муқаддаснинг айтишича, савдо яхши кетмоқда.

Аёлнинг маслаҳат беришича, мазали қовунни танлаш учун, биринчи навбатда, унинг тўр нақшига қараш керак — у қанчалик кичик бўлса, ҳосил шунчалик ширин бўлади. Қовун оғир ва думчали бўлгани яхши.
Муқаддас Қўчқорованинг оиласи Тошкентга мавсум вақтида келади. Улар ишлаётган бозор яқинида яшашади: эрталабки сменада аёл қизи билан, тунги сменада эса эри ўғли билан туради.

Муқаддаснинг фикрича, оилавий бизнес ёлғиз ёки нотаниш киши билан шерикчиликда сотгандан кўра кўпроқ даромад келтиради. У она юртда қолиб, яхши пул топиш ва орзуларни амалга ошириш мумкинлигига ишонади.
«Орзуим – фарзандларимни ўқитиш, чунки ўзим ҳам оилавий шароит туфайли ўқий олмадим. Йиллар ўтиб, ўқимишли инсонлар осон муваффақиятга эришиб, ўз йўлини тезроқ топишини англадим. Фарзандларим учун айнан шуни тилайман», — дейди Муқаддас.

Аёл ўзини истисно деб ҳисоблайди — дипломи йўқлиги унинг бахтли бўлишига ва ўз севган иши билан шуғулланишига тўсқинлик қилмаган.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам.
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг