23−24−25−26 июль кунлари барча ҳудудларда 6 та олий таълим муассасасининг тегишли бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Имтиҳонлар 2 босқичда ўтказилади. 1-босқич (ёзма қисми) — тинглаб тушуниш, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини баҳолаш имтиҳонлари қоғоз шаклда бўлиб ўтади. 2-, гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳонлари эса Давлат тест марказининг махсус дастури орқали белгиланган жойларда электрон тарзда бўлиб ўтади.

Абитуриентлар қачон, қаерда имтиҳонда иштирок этишини my.dtm.uz сайти орқали шахсий кабинетидан билишлари ва имтиҳонда иштирок этиш учун рухсатномани (абитуриент қайд варақасининг қуйи қисмида) юклаб олишлари мумкин.

«Абитуриентлар имтиҳон ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан камида ярим соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва рухсатнома билан келишлари лозим», — дейилади хабарда. Имтиҳон ўтказиладиган жойлар.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан бошлаб 6 та ОТМга кириш учун чет тилидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтади. Унда абитуриентларнинг хориж тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш компетенциялари баҳоланади. ДТМ 2 соат 45 дақиқа вақт ажратиладиган мазкур имтиҳоннинг формати ва қоидаларини эълон қилди.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон олинадиган ОТМлар:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига;
  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига.