Тошкент ҳокимлиги Шота Руставели кўчаси бўйлаб «шаҳар рамзи» — трамвай ҳаракатини қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тбилиси мэрияси матбуот хизмати Тошкент ҳокимининг баёнотига асосланиб хабар берди.

Грузия пойтахти мэри Каха Каладзе Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили ташрифи доирасида айни дамда Тошкентда бўлиб турибди.

19 июль куни тушдан кейин Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов, Ираклий Гарибашвили, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Каха Каладзе буюк грузин шоири Шота Руставелли ҳайкали пойига гул қўйишди. Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш доирасида яқинда ёдгорлик жойлашган шу номдаги истироҳат боғи ҳам таъмирланган эди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев февраль ойида трамвайни хавфсиз, экологик тоза транспорт деб атаб, уни Тошкентга қайтариш қарорини «адолатли» дея баҳолаган эди.