18 июль кунги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2,6 млнта аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Таъкидланишича, ушбу аҳоли томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига мурожаатлар тушмоқда. Устига устак, кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланмоқда.

Шу боис Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлигига бир ҳафта муддатда ишчи гуруҳларини шакллантириб, ишларни бошлаш топширилди.

Ишчи гуруҳлари:

  • 1 октябрга қадар маҳаллабай кадастр ҳужжати бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантиради;
  • уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплайди ва электрон базага киритади.

Мутасаддиларга республиканинг барча ҳудудларида кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага киритиш вазифаси қўйилди.

Янги қонун қабул қилингунига қадар бу уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб туришга қарор қилинди.