2022−2023 йилларда Ўзбекистондаги бир қанча чегара божхона постлари тўлиқ таъмирланади ва кенгайтирилади. Бу ҳақда 14 июль куни Давлат божхона қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Кабуловнинг таъкидланишича, Қозоғистон билан чегарадаги «Довут-ота», «Ғишткўприк», «Навоий», «С.Нажимов» божхона постлари тўлиқ реконструкция ва модернизация қилиш кўзда тутилган. Таъмирлаш ишлари Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.

Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Кабулов. Фото: ДБҚ.

«Бундан мақсад — транспорт тирбандлигини ечиш, ҳайдовчилар ва аҳолига қулайлик яратиш. Жорий йил Қорақалпоғистондаги „Довут-ота“, Тошкент вилоятидаги „Ғишткўприк“, „Навоий“ постларини реконстраукция қилиш бошланади. Бу жараён албатта, маълум вақт талаб этади. Чунки бузиш, қуриш, инфаструктурани яратиш, техникалар ўрнатиш ва бошқа ишлар учун вақт кетади», — деди Рустам Кабулов.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент вилоятидаги «С.Нажимов» постини реконструкция қилиш ишлари эса 2023 йилда бошланиши режалаштирилган.

Қўмита вакили мазкур постларни реконструкция қилиш жараёни қўшни мамлакатлар билан биргаликда амалга оширилишини қўшимча қилди. Яъни фақат Ўзбекистон ўз чегара постини таъмирламайди. Икки мамлакат тенг вақт ичида постларини реконструкция қилади. Шундагина, ушбу постлардан ўтувчи ҳайдовчилар учун ҳам, аҳоли учун ҳам қулайлик яратилади.