18 июлдан бошлаб Россиянинг Москва, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарлари билан мунтазам автобус қатнови тикланади, деб хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур йўналишлар бўйлаб Uzautotrans service корхонасига қарашли Yutong автобуслари қатнайди.

«Тошкент — Москва» автобус йўналиши душанба ва пайшанба кунлари «Тошкент» автовокзалидан соат 12:00 да жўнайди. Чипта нархи — 1 млн сўмни ташкил қилади.

Қозонга эса автобус сешанба ва жума кунлари Тошкент автовокзалидан соат 11:00 да жўнайди. Чипталар нархи — 800 минг сўм.

Чоршанба ва шанба кунлари автобус Тошкент автовокзалидан соат 16:00 да Тошкент-Санкт-Петербург рейсига жўнайди. Чипталар нархи — 1,25 млн сўм.

Эслатиб ўтамиз, 15 июлдан бошлаб Россия COVID-19 тарқалиши муносабати билан 2020 йилда ўрнатилган чегарадан ўтиш чекловларини олиб ташлади, бироқ Беларус фуқароларидан ташқари барча кириш учун ПCР тести натижаларини тақдим этиш талаби сақланиб қолди.