Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 16 июлга ўтар кечаси Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Шет туманида Олмаота-Екатеринбург трассасида микроавтобус ва юк машинаси билан содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди.

ЙТҲ вақтида Меrcеdеs-Benz Sprinter микроавтобусида жами 18 нафар йўловчи бўлган. Саккиз нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди, уларнинг барчаси Қозоғистон фуқаролари, қурбонлар орасида ўзбекистонликлар йўқ, дея хабар бермоқда ФВВ вазиятни ўрганиб чиққан Қозоғистон томонининг янгиланган маълумотларига таяниб.

Ҳодиса оқибатида 10 нафар йўловчи тан жароҳати олган, улардан беш нафари ўзбекистонлик. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, уларга Оқсув-Аюли қишлоқ касалхонасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улардан бири амбулатор даволаниш учун чиқарилган.