Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июлдаги 1-сон баёнига мувофиқ 2022−2023 ўқув йили қабулида абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш муддатлари узайтирилди. Бу ҳақда 15 июль куни Давлат тест маркази хабар қилди.

Унга кўра 2022−2023 ўқув йили қабулида абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 2022 йил 27 июлга қадар (27 июль куни ҳам) давом этади.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига рўйхатга олиш эса 17 июлга қадар (17 июль куни ҳам) амалга оширилади.

Мазкур муддат давомида абитуриентлар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини тизимга киритишлари мумкин.

Рўйхатдан ўтиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат тест маркази сайти орқали амалга оширилади.

ДТМ «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Қорақалпоғистон аҳолиси ЯИДХП ва ДТМ сайтига кириш имкониятига эга. Бундан ташқари, абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш мактаблар ва Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳам амалга оширилмоқда.