Президент 12 июль куни «2022−2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Дастурга мувофиқ, 5 йил ичида Тошкент шаҳрида жами 30 та автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади. Шундан, 2022 йилда — 10 та, 2023 йилдан 2026 йилгача ҳар йили 5 тадан йўл четларида пуллик автостоянкалар бунёд этилади.

2 февралда қабул қилинган президент [ПҚ-111-сон] қарорида эса 1 ноябрга қадар 11 та кўчада жами 10 та йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланганди.

Автотураргоҳлар ДХШ асосида биринчи босқичда — «Фидокор», «Амир Темур», «Нукус», «Братислава», «Миробод», «Глинка», «Авлиёота», «Шевченко», «Саид Барака», «Моштабиб» ва «Якуб Колас» кўчаларида жорий этилиши кўзда тутилганди.

Қарорда шунингдек, 2 та паркон (махсус автотранспорт), 2 та эвакуатор ва 57 та паркоматлар харид қилиниши қайд этилганди.

Йўл бўйи «парковка"ларини ташкил этиш режалари ҳақида 2021 йилнинг мартидаёқ айтилганди. Ўшанда тўловлар махсус талон ёки шартнома асосида нақд ва пластик карталар орқали амалга оширилиши таъкидланганди. I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва махсус автомашиналар мазкур паркоматлардан бепул фойдалана олади.