7−17 июль кунлари АҚШнинг Алабама штатида ўтказилаётган Бутунжаҳон ўйинларида ўзбекистонлик атлетлар битта кумуш ва бир бронза медалини қўлга киритишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

Карате бўйича -75 кг вазн тоифасида беллашган Достонбек Отаболаев гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтди, бироқ ярим финалда украиналик Станислав Хорунага имкониятни бой берди. Шундан сўнг, бронза медали учун кечган жангда америкалик Томас Скоттни мағлубиятга учратиб, учинчи ўрин соҳибига айланди.

Достонбек Отаболаев. Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Қизлар ўртасидаги ушу бўйича беллашувларда иштирок этган Дарья Латишева эса Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига иккинчи медални ёздириб қўйди. Латишева таулу йўналишидаги чиқиши билан мухлислар ва ҳакамлар олқишига сазовор бўлди. Унинг дастури якунда кумуш медалга лойиқ кўрилди.

МОҚнинг маълум қилишича, 15 июль куни ўзбекистонлик спортчилардан Баҳромжон Машарипов жиу-житсу бўйича, -91 кг вазн тоифасида Фанат Қахрамонов муай-тай бўйича беллашувларда медаллар учун кураш олиб боришади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси Бутунжаҳон ўйинларида тўрт нафар спортчи билан иштирок этмоқда. Ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказиладиган мусобақада 110 мамлакатдан 3 600 нафарга яқин атлетлар қатнашмоқда. 2021 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган турнир пандемия сабабли қолдирилганди.