Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Бухорода биринчи ўзбек-туркман ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИТСВ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Туркманистон томонидан Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Ботир Атдаев раҳбарлик қилди.

Сардор Умурзаков.

Делегациялар таркибидан икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари раҳбарлари, маҳаллий маъмуриятлар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари жой олди.

Томонлар ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий самарадорлиги юқори бўлган ташаббусларни биргаликда ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада қўшма амалий чора-тадбирларни кўришга тайёр эканликларини билдирди. Икки мамлакат ҳудудларининг раҳбарлари ва бизнес миссияларининг мунтазам ўзаро ташрифларини ташкил қилиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, вазифалари ҳудудлар ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини кашф этиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, уларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишдан иборат бўлган доимий ишчи гуруҳлар ташкил этилиши маълум қилинди.

Форум иштирокчилари инвестициявий, саноат ва савдо муносабатларини ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника саноати каби энг истиқболли йўналишларга эътибор қаратди.

Ботир Атдаев.

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан чегараолди савдо зоналарини фойдаланишга топшириш, савдо уйларини очиш ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида иштирокчиларнинг «B2G» ва «B2B» форматидаги учрашувлари ҳамда икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Форум якунида умумий қиймати 451 миллион долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.