Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчаси тўлиқ реконструкция қилиниши кутилмоқда. Бу 13 июль куни пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев имзолаган қарорда қайд этилган.

«Grand Mir Hotel» меҳмонхонасидан Янги Сергели кўчасига қадар — 6,5 км йўл қисмини тўлиқ реконструкция қилиш, ободонлаштириш, дренаж ва суғориш тизими, йўл бўйида пиёдалар ва велоспедчилар йўлакларини барпо этиш режалаштирилган.

Яндекс харита.

Лойиҳалаш ва қурилиш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича буюртмачи этиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» компанияси танланган. Унга бош лойиҳачи ва пудрат ташкилотини ўрнатилган тартибда белгилаш вазифаси юклатилган.

Шота Руставели кўчаси — Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири ҳисобланади. У бутун шаҳардан ўтади ва йўл давомида Шаҳрисабз, Навоий (ҳозирда реконструкция қилинмоқда) ва Беруний кўчалари билан уланиб кетади. Мазкур кўчадан трамвай линияси олиб ташлангач, қатнов қисми ҳар бир томонда 4−6тагача йўлакларга ажратилганди.

Эсталиб ўтамиз, май ойи охирларида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси Зураб Абдушелишвили билан учрашувда Шота Руставели ҳайкали атрофидаги хиёбонни реконструкция қилишга келишиб олганди.