Июнь-июль ойларида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекция» истеъмолчиларга етказиб берилаётган нефть маҳсулотларини сифат ва миқдор жиҳатидан амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги бўйича навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди.

Унда нефть маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи 44 та хусусий корхоналарга қарашли АЁҚШларда умумий миқдори 108 минг литр нефть маҳсулотлари билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, АЁҚШларда сақланаётган нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб, лаборатория шароитида таҳлил этилганида 34 минг литр маҳсулот сифатсиз эканлиги маълум бўлди.

Қолаверса, 60 минг литр камомад, 15 минг литр ортиқчалиги ва 299 литр асоссиз ҳисобдан чиқариш ҳолатларига йўл қўйилганлиги фош этилди.

Бундан ташқари, 10 та ҳолатда истеъмолчилар ҳақидан ҳар 10 литрда 30 миллилитрдан 750 миллилитргача кам қуйиб берилаётганлиги аниқланди, дейилади хабарда.

Шунингдек, тадбир давомида АЁҚШларда 70 га яқин техник ва метрологик камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Республика бўйича аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг асосий қисми Наманган вилояти (55,4 минг литр), Фарғона вилояти (27 минг литр), Сирдарё вилояти (14,2 минг литр), Сурхондарё вилояти (4,2 минг литр), Қашқадарё вилоят (2,7 минг литр) ларига тўғри келмоқда.

Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.