Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сешанба куни омикрон штаммининг ўта юқумли кенжа турлари — BA.4 ва BA.5 тарқалиши туфайли дунё бўйлаб коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони, шунингдек, касалхонага ётқизиш ва ўлим кўрсаткичлари ортиб бораётганини маълум қилди. Аввалроқ, июнь охири — июль бошларида касалланиш 30 фоизга ошгани айтилган эди.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус ҳукуматларни ўзгарувчан эпидемиологик вазиятга мослашувчанроқ муносабатда бўлишга ва вирус тарқалишининг олдини олиш учун фаол ҳаракат қилишга чақирди.

ЖССТнинг вирус тарқалишини камайтириш учун шахсий ҳимоя чораларини қўллаш бўйича янгиланган вақтинчалик йўриқномаси:

  • яхши ўрнашадиган ниқоблар тақиш;
  • масофа сақлаш;
  • касаллик вақтида алоқа қилмаслик учун кўчага чиқишни истисно қилиш;
  • ҳаво яхши айланмайдиган хоналар ва гавжум жойлардан қочиш;
  • тез-тез қўл ювиш.

Шунингдек, оммавий тадбирлар бўйича қарор қабул қилишда хавфларни баҳолаш тавсия этилади.

Бошқа тавсиялар мамлакатларнинг стратегик тайёргарлиги ва жавоб чоралари режаларини кучайтириш ҳамда белгиланган вакцинация кўрсаткичларига эришилишини таъминлаш билан боғлиқ.

ЖССТ SARS-CoV-2 вирусли инфекцияси эволюциясини олдиндан айтиб бўлмаслиги, у одамлар ҳамда уй, қишлоқ ва ёввойи ҳайвонларда узлуксиз юқиш орқали ривожланишда давом этишини маълум қилди. Ташкилотнинг қайд этишича, бутун дунё бўйлаб тестлар сонининг қисқариши вирус ривожланиши ва касал бўлганлар саломатлиги учун оқибатларини етарлича ўрганишга имкон бермайди.