Июнь ойида Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларининг кейинги 12 ойлик инфляцион кутилмалари яхшиланди, бу ҳақда Марказий банкнинг сўров натижалари бўйича берган изоҳларида қайд этилган.
Ўтган ойда фуқаролар ўртасида кутилаётган ўртача инфляция даражаси 16,4 фоизни ташкил этди (май ойида — 17,6%, апрелда — 14,2%). Ой давомида инфляция кутилмалари даражаси 15,2 фоиздан 14,1 фоизгача пасайди. Бу айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашиши сабабли юқорироқ инфляцияни кутаётган респондентлар улуши камайиб бориши билан изоҳланади.
Респондентларнинг аксарияти, аввалгидек, инфляцияни 9−12% даражасида бўлишини кутмоқда. Шу билан бирга, июнь ойида нархларнинг 13% ёки ундан кўпроқ ошишини кутаётган респондентлар сони ортди.
Аҳолининг фикрича, нархларнинг ошишига асосан импорт қилинадиган товарлар ва биринчи галдаги зарурий маҳсулотлар нархининг ошиши таъсир қилади — 56% респондентлар (май ойида — 55%), нархларининг сунъий оширилиши — 41% (37%), иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши — 34% (39%)
Респондентларнинг 27 фоизи инфляцияни ёқилғи ва энергоресурслар нархларининг кўтарилиши, 25 фоизи — валюта курсининг ўзгариши, 22 фоизи — коммунал хизматлар нархининг ошиши, 14 фоизи — супермаркет ва бозорлардаги нархлар ўртасидаги фарқнинг юқорилиги, 11 фоизи — эса уй-жой нархи ва ижара тўловлари нархларнинг ошиши билан изоҳлайди.
Тадбиркорлар ўртасида кейинги 12 ой давомида инфляцион кутилмалар 1,6 фоизга — 17,3 фоиздан 15,7 фоизга камайди. Медиана кўрсаткичи эса 14,8% дан 13,3% гача камайди.
Сўровдан ўтган тадбиркорларнинг аксарияти, шунингдек, аҳоли улуши пасайган бўлсада, келгуси 12 ойда инфляцияни 9−12 фоиз атрофида бўлишини кутишмоқда. Шу билан бирга, инфляцияни 13% ва ундан юқори даражада прогноз қилган респондентлар сони ҳам камайди.
Тадбиркорлар аҳолидан фарқли ўлароқ, инфляциянинг асосий омили иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши деб ҳисоблайди — 29% (май ойида — 30%). Шунингдек, тадбиркорлар ёқилғи ва транспорт харажатлари 27 фоизга (25 фоиз) ошишини кутмоқда.
Хомашё ва бутловчи қисмлар қимматлашишини кутаётган респондентлар улуши кескин ошди — 24% (14%). Бундан ташқари, бизнесменлар импорт хомашё етказиб беришда узилишлар кутмоқда — 22% (21%).
Тадбиркорлар нархларнинг ўсиши омиллари қаторида солиқ юкининг юқорилиги — 19 фоиз (21 фоиз), валюта курсининг ўзгариши — 19 фоиз (24 фоиз), айрим товарлар импортида тариф ва нотариф чекловларнинг мавжудлиги — 18% (16%), уй-жой нархининг ошиши ва ижара тўловлари — 10% (9%) ҳам қайд этилган.