Қашқадарё вилоятида «Жиҳодчилар» оқими ғояларини тарғиб қилганликда гумонланган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Терговга кўра, Қарши шаҳрида яшовчи (1993 й.т.) Ж.М. ижтимоий тармоқлар орқали «Жиҳодчилар» ДЭО аъзолари таъсирига тушиб қолган. У Telegram`да гуруҳ ва канал ташкил қилган ҳамда улар орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди ҳукмига кўра, ёлғиз оналиги ва 9 ойлик фарзанди борлиги ҳисобга олиниб, унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, ДХХ Қашқадарёда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш доирасида яна тезкор тадбирлар ўтказди.

Китоб туманидаги ҳолатда (1998 й.т.) Қ.Т. 2020−2021 йилларда Россияда ишлаб, ижтимоий тармоқлар орқали «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушиб, уларни қўллаб-қувватлагани аниқланди.

У доимий яшаш манзилига қайтиб келганидан кейин эса ўз атрофидагиларга ушбу оқим ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланган, дейилади хабарда.

Шунингдек, у интернет орқали Суриядаги жангарилар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг йўл-йўриқлари ҳамда қўрсатмалари асосида «РФ-Туркия» йўналиши орқали уларнинг сафига бориб қўшилишни режалаштиргани аниқланди ва бунинг олди олинди, дейилади ахборотда.

Ҳозирда Қ.Т.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида унинг алоқаларини аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунга ўхшаш ҳолат Қарши туманида ҳам қайд этилди. Фуқаро Р.С. (1985 й.т.) 2021 йилда Саудия Арабистонида ишлаши даврида «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушгани ҳамда улар билан алоқа ўрнатиб, оқим ғояларини қўллаб-қувватлагани айтилмоқда.

«Яшаш манзилига қайтганидан кейин ҳам ўз яқинлари орасида ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали диний экстремистик оқим ғоялари тарғиботи билан шуғулланган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда Р.С.га нисбатан Жиноят Кодексининг 244−1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан инсонпарварлик тамойили асосида «тилхат» эҳтиёт чораси қўлланилган.