Ўзбекистондаги автотранспорт воситалари ҳаракатланаувчи барча — 50 дан зиёд чегара божхона постларида электрон навбатлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда 14 июль куни Давлат божхона қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда айтилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустам Кабулов журналистларга берган интервьюсида электрон хизматлар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташувчи автомобиллар учун мўлжалланганини таъкидлади.

«Электрон навбатлар лойиҳаси яқин кунларда якунига етиб, ишга тушади. Бу биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ортган автомобиллар учун мўлжалланган. Чунки бундай маҳсулотлар тез бузилувчан бўлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташувчи транспорт воситаси олдиндан бизнинг сайтимиз орқали божхона юк декларацияси рақамини киритади. Агар декларацияда ҳақиқатан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва ўша таронспорт қайд этилган бўлса, ҳайдовчи ўзига навбат олиши мумкин», — деди Рустам Кабулов.

Унинг сўзларига кўра, ҳайдовчи навбатга ёзилиш учун постга келиши шарт эмас, хоҳлаган жойидан туриб, қўлидаги телефони орқали ҳам бу ишни амалга оширса бўлади.

Таъкидланишича, ҳар ярим соатда битта қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ортган машинага электрон навбат берилади. Мақсад — бундай транспорт воистасини постга келганида навбат куттирмай, тўғридан-тўғри кириб келишини йўлга қўйиш.

«Яна бир масала борки, бошқа турдаги маҳсулотларни ташувчи ҳайдовчилар буни тўғри тушуниши керак. Халқаро автомобиль ташувчилар ва Экспортчилар уюшмалари раҳбарияти билан бирга шу лойиҳани ҳайдовчиларга тўғри тушунтириш ишларини олиб борамиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз манзилига тезкор етиб боришини таъминлаш асосий мақсадларимиздан бири», — деди қўмита вакили.

Рустам Кабулов юк ташувчи транспортларнинг 10−15 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш билан шуғулланишини қўшимча қилди.