Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 14−15 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Кун тартибидан Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, транспорт-транзит салоҳиятини самарали ишга солиш, сув хўжалиги соҳасида муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлараро мулоқотни фаоллаштириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурларини давом эттириш режалари ҳам кўриб чиқилади.

Давлат раҳбарлари халқаро аҳамиятга молик масалалар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда. Саммит якунида Қўшма баёнот ва қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Туркманистон президенти Ўзбекистон Олий Мажлисида учрашув ўтказиши ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиши кўзда тутилган.

Ташриф арафасида Бухоро шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми, Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг етакчи корхоналари кўргазмаси ўтказилмоқда.