Ҳукуматнинг 12 июлдаги қарори билан Ўзбекистондаги ёдгорликлар ва диққатга сазовор масканларни муҳофаза қилишда кадрлар малакасини ошириш бўйича Хива реставрация мактаби ташкил этилади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, ЮНЕСКО кўмагида ташкил этилган ушбу мактабга хориждан ҳам етакчи экспертлар жалб қилиниши режалаштирилган.

«Мактаб фаолияти ЮНЕСКО, Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш хақаро кенгаши (ICOMOS), Маданий бойликларни асраш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (ICCROM), Ўзбекистонда маданий мерос масалалари бўйича ташкил қилинган Халқаро маслаҳат қўмитаси ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан ҳамкорликда ташкил этилади», — дейилади хабарда.

Мактабнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

  • тегишли мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил қилиш ва бу курсларга маҳаллий ҳамда чет эллик мутахассисларни жалб этиш бўйича марказга таклифлар киритиш;
  • «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни олиб бориш, шунингдек, соҳага янги усул, материал ва технологиялар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини татбиқ этиш бўйича илмий-амалий асосланган таклифлар тайёрлаш;
  • малака ошириш курсларининг тингловчиларида амалий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда улар иштирокида моддий маданий мерос обектларида асрашга доир ишларни амалга оширишни ташкил қилишда кўмаклашиш;
  • асрашга доир ишлар соҳасида маҳаллий ва чет эллик экспертлар иштирокида илмий-амалий семинарлар, анжуман ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, шунингдек, услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва энг яхши тажрибаларни оммалаштиришда иштирок этиш.

Вазирлик хабарида қайд этилишича, 2021 йилда Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси давлат муассасаси ва босқичма-босқич унинг давлат муассасаси шаклида Хива, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳар минтақавий марказларига асос солинган. Хива реставрация мактаби дирекциянинг Хива шаҳар минтақавий марказида ташкил этилади.