Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ўзбек таксиси парапланда учишдан хавфлироқ
Чорвоқ парадроми дунёда парапланда учиш осон бўлган кам сонли жойлардан биридир. Парвоз қилиш истагидагиларга бу бахтни ўзбек парапланеризми кашшофи Вячеслав Чесенко тортиқ этмоқда. «Газета.uz» ундан шогирдлари, кўзи ожиз йўловчилар, ўзбек парапланеризми тарихи ва ривожланиши ҳақида сўради.
Чорвоқ парадроми дунёда парапланда учиш осон бўлган кам сонли жойлардан биридир. Парвоз қилиш истагидагиларга бу бахтни ўзбек парапланеризми кашшофи Вячеслав Чесенко тортиқ этмоқда. «Газета.uz» ундан шогирдлари, кўзи ожиз йўловчилар, ўзбек парапланеризми тарихи ва ривожланиши ҳақида сўради.
Тошкентдан 70 км узоқликдаги тик қоя тепасида бир неча кишининг шарпалари милтиллайди. Улар бу ерга эрталабдан йиғилиб, шамолни кутишмоқда. Кимлардир майса устида ўтириб, лочиннинг ўт-ўлан орасидан ўлжа овлашга бўлган муваффақиятсиз уринишларини ҳаяжон билан муҳокама қилса, бошқалар Чорвоқ сув омборининг мовий тўлқинларини томоша қилмоқда.

Йўлнинг нариги томонидаги тоғда оппоқ шамол генератори қуёшда порлайди. Йиғилганлар вақти-вақти билан унинг парракларига қарашади: ҳамма ускунанинг тўғон томон айланишини кутмоқда. Ўшанда учиш мумкин бўлади. Кутиш тўрт соатлар давом этди.
Чорвоқ парадроми тўғондан Юсуфхона қишлоғи томон олиб борувчи йўл бўйида жойлашган бўлиб, Ўзбекистонда парапланда учиш учун энг қулай майдон ҳисобланади. Бу ерга машинада бориш, об-ҳаво имкон берса, ўзингизни қушдек ҳис қилишингиз ва шаҳарга қайтишингиз мумкин. Инструктор-парапланчиларнинг айтишича, айримлар об-ҳаво ёмонлиги сабабли беш-олти марта келиб, қуруқ қайтиб кетишади.

Инструкторлардан бири Вячеслав Чесенко 25 йилдан бери парапланда учиш билан шуғулланади. Ҳазил қилибми ёки жиддийми, у коинотга учишни хоҳлаганини, бироқ орбитал саёҳат учун пул топа олмагани учун парапланчиликни танлаганини айтади.
Вячеслав Чесенко
Вячеслав ёшлигида ўзини турли соҳаларда синаб кўрган: ўқ отиш билан шуғулланган, Беньков мактабида графикани ўқиган, парашют билан сакраган. Аммо буларнинг барчасидан тезда зерикади ва ўсмир секин-аста парапланчиликка ўтиб кетади. Мана, ўн йиллардир у осмон бағрида.

Ўша йилларда, Вячеслав Чесенконинг сўзларига кўра, дунёда параплан эндигина ривожлана бошлаган эди. Ҳеч қандай мактаблар йўқ эди. Ёшлар ўзларини хатарга қўйиб, хатолар қилиб бўлса ҳам тажриба орттиришларига тўғри келарди. Парвозлар қишда чанғида амалга ошириларди. Биринчи парапланлар тоғлардан тушиш учун мўлжалланган ва кичик ўлчамлари туфайли парашютларга ўхшарди. Альпинист ва спортчилар тез ва хавфсиз ҳолда пастга тушиш учун парапланлардан фойдаланишарди. Ускуналар ибтидоий, парвоз эса қисқа ва машаққатли кечарди.

«У парапланлар шунчаки пастга шўнғиш учун хизмат қиларди. Ва биз ўшанда ҳозиргидан кўра бахтлироқ эдик, чунки парвоз 20-30 сония давом этарди! — деб эслайди инструктор. — Ҳозир эса такомиллашган ускуналар ёрдамида соатлаб учишингиз мумкин».
Бугун парапланчилар Аэронавтика федерацияси ва Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси қошидаги клуб аъзолари ҳисобланади. Бироқ бир неча йил олдин парвозлар вақтинча тақиқланган эди. Чет эллик сайёҳлар лицензиясиз ва рухсатсиз баъзан тақиқни четлаб ўтишар, бироқ парвозлар ҳар доим ҳам омадли якунланмас эди.

«Бизнинг спорт туримизга ва унинг бу ерда ривожланишига сайёҳларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Ахир биз Ўзбекистонда яшаймиз: юқоридан “текшириш” топшириғи келса, бу “ёпиш” дегани. Майли, бир муддатга ёпишди, кейин биз барча ҳужжатларни қайта тиклашимизга тўғри келди. Ҳозир ҳаммаси жуда жиддий — парвозлар расман рўйхатга олинган. Биз ҳар куни учиш учун барча идораларга: [Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, Мудофаа вазирлигининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Президент хавфсизлик хизмати] ариза топширамиз», — дейди Вячеслав Чесенко.
реклама
реклама
Бугунги кунда парапланда учиш анча осонлашди — ускуналар такомиллашмоқда, энди бошлаётганларга ҳаммасини нолдан учишни ўргатадиган мактаб мавжуд. Ўзбекистонда нафақат маҳаллий аҳоли, балки Испания, Қозоғистон ва Россиядан ташриф буюрувчилар ҳам ўқиш истагида.
Ўқиш узоқ йиллар давом этиши мумкин. Учувчи ҳар доим ўз маҳоратини ошириб бориши керак, деб тушунтиради инструктор. Бошқа мамлакатга келганда, киши янги ўрганилмаган ҳудудлардан бошлар экан, турли хил об-ҳаво шароитларига тушиб қолади ва янги жиҳатларга тўқнаш келади. У назарий ва амалий жиҳатдан ушбу парвоз шароитларига тайёрланиши керак.

«25 йиллик парвоздан кейин ҳам ҳар куни ўрганяпман, чунки парвозлар бир хил бўлмайди», — дейди Вячеслав.

Унинг сўзларига кўра, тажриба орттириш учун ўртача бир ёки икки йил керак бўлади. Парапланда учиш мактаби асосий кўникмаларни ўргатади. Ўқиш уч босқичга бўлинади. Биринчиси — тепаликларда ҳафталик машғулотлар.
реклама
реклама
Чорвоқ парадроми режали машғулот жойи сифатида расман рўйхатга олинган, дея давом этади Вячеслав Чесенко. Бу ер етарлича хавфсиз, чунки шамол ҳар томондан эсади. Кейин дарслар Катта Чимёнда ўтказилади. У ерда эса ўқувчилар тоғларда узоқ муддатли парвозларни, баландликни эгаллаш, маршрутларни ўзлаштиради.

Мактаб битирувчиси бошланғич даражадаги планер учувчиси гувоҳномасини олади ва бу унга ҳавода учиш учун аризаси бўлганда Ўзбекистон ҳудудида учиш ҳуқуқини беради. Мусобақаларда қатнашиш, янги тажриба орттириш ва маълум парвоз кўрсаткичларига эришиш орқали учувчи дунёнинг исталган мамлакатида парвоз қилиш имконини берувчи халқаро лицензияга эга бўлади.

«Биз ўз тажрибамизни талабаларимиз билан деярли манфаатсиз баҳам кўрамиз, — деб қўшимча қилади инструктор. — Ҳақиқатан ҳам ўрганишни истаган одам бошланғич курсни олади. Ҳа, бу озгина маблағ талаб қилади, лекин бу шунчаки рамзий миқдор. Ускуналар инструктор томонидан тақдим этилади. Келажакда буни қилишни истаган ҳар қандай учувчи ўз жиҳозларини олади. Профессионал учувчилар унга ҳар томонлама ёрдам беришади».
Парапланда учиш арзонга тушадиган вақтичоғлик эмаслиги сабабли, одамлар унга қўшилавермайди. Йилига тахминан 10 киши қўшилади — бу кам, дейди Вячеслав. Таққослаш учун у Қозоғистонни келтириб ўтади, у ерда икки мактабда 1000 дан ортиқ учувчи рўйхатга олинган. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда уларнинг сони 50 дан сал кўпроқ, аммо Вячеславнинг сўзларига кўра, уларнинг ҳаммаси ҳам парвоз қилавермайди. Бошқа мамлакатлардан ташриф буюрувчиларни ҳисобга олмаганда, бир мавсумда ўртача 25-30 киши парвоз қилади.

«Энг катта қийинчилик — ушбу спорт билан шуғулланиш учун керакли миқдорда вақт топиш. Қандайдир ўз бизнесингиз бўлса яхши, чунки парапланда учиш жуда кўп вақт талаб этади. Ускуналар ҳам чўнтакка мос келавермайди, қанот ўртача 3-4 минг евро туради, тахминан 300-400 соатлик парвоз учун етарли. Кейин у техник жиҳатдан яроқсиз ҳолга келади — матоси бузилади».

Инструкторнинг айтишича, бугунги кунда барча парапланчилар парвозлар хавфсизлигини максимал даражада таъминлайдиган замонавий жиҳозлар билан парвоз қилмоқда.
«Бизга Жанубий Корея, Германия ва Швейцария ишлаб чиқарувчиларининг ускуналарини олиб келадиган дилерларимиз бор. Бу Ўзбекистон учун дунёнинг бошқа жойларига қараганда анча арзонга тушади, чунки мамлакатимиз спортнинг ушбу тури ривожланмаган давлат саналади».

Парапланда учиш экстремал спорт турларига киради, аммо чорак аср давомида Вячеслав бирор марта ҳам жиддий жароҳат олмаган.

«Бизда тез-тез кичик ҳодисалар бўлиб туради, лекин уларни фавқулодда вазият деб аташ қийин, чунки буларнинг барчаси велосипедда ёки ўзбек таксисида юриш каби хавфли. Менимча, таксида юриш парапланда учишдан кўра хавфлироқ бўлса керак», — дейди инструктор.
Парапланчиларнинг куни ҳар хил ўтади. Умуман олганда, қуёш чиқишидан ботгунга қадар учиш мумкин. Бироқ парвозларнинг давомийлиги ва учувчилар жадвали деярли ҳар доим кимдир томонидан эмас, балки об-ҳавога қараб белгиланади. Бироқ шамол ёки ёмғирнинг йўқлиги маҳаллий инструкторларни тушкунликка тушириб қўймайди.
реклама
реклама
«Об-ҳаво бизни доим хурсанд қилади, ҳатто ёмғир ёғса ҳам. Шунчаки, ўша пайтда парвоз қилиб бўлмайди. Лекин об-ҳаво ҳар доим бизни хурсанд қилади. Умуман олганда, қуёш иситиб турган ва юқорига йўналган термик оқимлар бўлган пайтда учиш мумкин бўлади — бу оддий физика. Бизда, Ўзбекистонда баҳорда соат 10:00 да ҳавога кўтарилиб, 18-19:00 лар атрофида қўниш мумкин, ёзда эса соат 8 ларда».
Чорвоқда биринчи қор ёғиши билан ҳаво совуқлашиб, парвоз қилиш ноқулай бўлади. Парапланда учиш мавсуми кеч кузда ёпилади. Бу вақтга келиб учувчилар жанубий кенгликларга ўтишади.

«Ахир ўзбекистонликмиз-ку, илиқликни яхши кўрамиз, шунинг учун қишда қуёш томон талпинамиз. Охирги 7 йил давомида Ҳиндистон жанубида, Гоада ишладим. Кимдир Туркияда, кимдир Амирликларда ишлайди. Биз йил давомида қушлар каби иқлим зоналарини ўзгартирган ҳолда учамиз».
Вячеслав Ҳиндистонни об-ҳаво шароити Ўзбекистон билан ўхшашлиги учун танлаган. У ерда ҳарорат 20-23 даража атрофида бўлади. Таққослаш учун, Гоадаги учириш майдони тахминан Чорвоқ парадроми билан бир хил баландликда — денгиз сатҳидан 100-150 метр баландликда жойлашган.

«У ерда океан, пальма дарахтлари, қоялар бор. Бу ерда – дарахтлар, юмшоқроқ, қулайроқ, – деб санаб ўтади Вячеслов Чесенко. – Мен Ҳиндистонни, унинг ҳидини жуда яхши кўраман. Туйғуларни жунбушга келтиради. Ўзбекистонда халқимиз беҳад меҳрибон: улар билан суҳбатлашиш ёқимли, қисқа вақт ичида дўстлашмаса ҳам, ўртоқ бўлиб қолиш мумкин. Бошқа мамлакатларда бу камдан-кам учрайди. Мен ҳозир оддий одамлар ҳақида гапиряпман, учувчилар ҳақида эмас. Учувчи, албатта, ҳамма жойда бошқа учувчига ёрдам беради».

Вячеслав Ўзбекистон ва Ҳиндистондан ташқари Малайзия, Непалда ҳам учган, Европа, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда ҳам бўлган. Унинг сўзларига кўра, Россияда парвозлар асосан «лебёдка» (парапланчини машина ёрдамида тортиб, юқорига олиб чиқиш – тарж.) орқали амалга оширилади – бу учишнинг мутлақо бошқа тури. Унинг ёрдами билан учувчи 150-300 метр баландликка тортилади ва ўша ердан учувчи старт олади.
реклама
реклама
«Уралда, Сибирда, тоғларда учишади. Аммо уларда шароитлар жуда оғир, чунки у ерлар совуқ, ҳарорат ўзгариши катта, кучли шамол эсади. Уларга нисбатан бизнинг шароитлар анча юмшоқ. Бу ерда қулай ва хавфсиз».

Вячеслав учун энг эсда қоларли парвозлардан бири 2012 йилда Непалда ўтказилган мусобақа бўлди. Ўшанда у ўртоғи Рустем Жамилев билан биргаликда учди. 500-600 метр баландликда булутлар узра парвоз қилди. Ҳаммаси жуда чиройли, аммо хавфли ва шунинг учун эсда қоларли эди. Вячеслав Чесенко учун ушбу парвоз давомийлиги бўйича рекорд кўрсаткич бўлди: беш соатдан кўпроқ вақт ичида у шериги билан 100 км дан ортиқ масофани босиб ўтди.

«300 нафар учувчи орасида биз иккинчи ўринни эгалладик. Биринчи ўринни ҳам олган бўлардик, лекин одатда тадбирни ўтказган давлат совринли ўринни эгаллайди», — дея хулоса қилади у.

Ўзбекистонда мусобақалар бир йўналиш бўйича – қўнишнинг аниқлиги бўйича ўтказилади, дейди Вячеслав Чесенко. TrebisovSKY Paragliding Accuracy Cup бундай мусобақаларда бир неча бор ўзини кўрсатган марҳум Костяга бағишланган.
Константин 2015 йилда Ҳиндистонда мусобақада қатнашаётганда ҳалокатга учраган профессионал парапланчи эди. Спортчи мураккаб об-ҳаво шароитларига тушиб қолди, захирадаги парашютни очди ва дарахтга қўнди, деб эслайди Вячеслав. Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистондаги дарахтлар баланд — кўпинча 30 метрдан ошади. Ерга тушаётган Константин ҳаёт учун хавфли жароҳат олди. Спортчи ҳатто 25 ёшга ҳам кирмаган эди.

Константин Требисовский хотирасига бағишланган мусобақаларни ўтказишни бошлаш ғояси жамоавий туғилди — узоқ ўйлаб ўтиришмади.

«У биз учун машҳур инсон, дўстимиз эди. Уни нафақат бизнинг учувчилар танишарди, у Қозоғистон ва Россияда ҳам таниқли эди. Жуда киришимли эди».

TrebisovSKY Paragliding Accuracy Cup 2016 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда, фақат 2020 йилда локдаун сабабли бекор қилишга тўғри келди. Мусобақалар Тошкент вилоятининг Болғали посёлкасида 150 метрлар баландликдаги қояларда ўтказилади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва бошқа давлатлардан иштирокчилар йиғилишади. Тоғ этагига баландликдан тўғри учиб тушиш керак бўлган нишон жойлаштирилади. Ҳакамлар қуйида туришади, парапланчига об-ҳаво шароитларидан келиб чиққан ҳолда 5-6 та уриниш берилади. Беллашувларда ўртача 30-50 киши қатнашади.

Яхшиямки, парапланда учишни билмайдиганлар учун ҳам парвоз қилиш имконияти мавжуд. Узоқ йиллик машғулотлардан ўтиш ва ҳаётингизни парапланга бағишлашни хоҳламасангиз, инструктор билан тандемда учишингиз мумкин. Хоҳловчилар учувчилардан бири билан вақтни олдиндан келишиб олишлари, парвоз ҳақини тўлашлари ва белгиланган вақтда парадромга келишлари керак.
«Чорвоқ парадроми — дунёда машинада етиб бориш, учиб олиб, кетиш мумкин бўлган кам сонли жойлардан биридир. Гарчи кўплаб мамлакатларда учган бўлсак ҳам, бундай жойларни деярли билмайман. Ҳамма жойда одамларни тоғга олиб чиқиш керак бўлади. У ерда йиғилиб, водийга тушилади. Бу қўшимча ноқулайлик ва кўп вақт талаб этади. Бизда эса келамиз, учамиз, томоша қиламиз, завқланамиз ва қайтиб кетамиз. Бу жуда зўр».
Парапланчилар билан боғланиш
Инструкторнинг ишонч билдиришича, парвоз пайтида барча одамларга хос бўлган баландликдан қўрқиш йўловчиларда йўқолади. Қўрқув ҳавода ҳам йўқолмаганида эди, жуда кам одамлар учарди холос.

«Одамларда қўрқув ўз олдиларига 5 ёки 9 қават кўринишидаги бирон бир тўсиқни қўйганларида пайдо бўлади. Парвоз пайтида ҳеч қандай мўлжаллар бўлмайди. Ҳавога кўтарилгандан кейин бу қўрқув йўқолади. Бу парадокс, лекин бор нарса. Ўриндиққа ўтирган одам ўзини хавфсиз ҳис қилади ва баландликни сезмайди».
Вячеславнинг сўзларига кўра, жамоа ҳатто ногирон йўловчиларни ҳам учириб туради. Замонавий асбоб-ускуналар қўл-оёқлари ампутация қилинган одамларга ҳам парвоз қилиш имконини беради. Баъзида парапланчилар махсус йўловчилар учун акциялар ўтказадилар.

«Адашмасам, ўтган йил эди. Бир киши қияликдан пастга тушмоқда. Хотини уни қўлидан етаклаяпти. Жуда хароб кийинган. Молиявий имкониятлари чекланган одамлар экани яққол кўриниб турибди. Ва қўлида учиш учун деб тўплаган пулларини ушлаб турарди. Мен унга: “Ахир сиз кўрмайсиз-ку” — дедим. У эса шундай деб жавоб берди: “Мен фақат шарпаларни кўраман, лекин ростдан ҳам учишни хоҳлайман”. Улар учиш ҳиссини бошдан кечиришади. Эркак бахтли — хоҳлаган нарсасига эришди. Бундай одамларни текинга учиришимиз аниқ. Бу биз учун ҳам яхши: кармага бир қўшимча, дейишади-ку».

Биргаликда учиш профессионал инструкторлар учун асосий даромад эмас. Ҳар бир жамоа аъзосининг даромад келтирадиган ва севимли спорт билан шуғулланишига имкон яратидагн ўз бизнеси бор.

«Биз ҳар бир йўловчи ортидан чопавермаймиз — бу бизга керак эмас. Агар одамлар хоҳласа, биз ушбу хизматни тақдим этамиз. Менинг шахсий бизнесим бор, шунинг учун [парапланда] учишни даромад манбаи деб ҳисобламайман. Бу ерда ишлаб топишимиз мумкин бўлган қандайдир маблағлар дунёнинг бошқа мамлакатларига саёҳат қилишимизга, жумладан, ҳеч ким пул тўламайдиган мусобақаларга сарфланади. Йилига икки-уч сафарга, ўзимизни кўрсатишга, бошқаларни кузатишга бу пуллар етади».
Вячеслав Тошкентга камдан-кам келади. Миш-мишларга қараганда Ўрикзорда туз арзон экан, лекин туз емайман, шунинг учун у пойтахтга бормайман, деб ҳазиллашади. Асл сабаб шаҳар шовқини, ҳавосининг ифлослиги ва чангда.

Чорак аср давомида осмон Вячеславни чарчатмади. Аксинча, парапланчилар шамолни кутишдан кўпроқ чарчаган. Ҳаво мутлақо сокин кунларда спортчилар қўзиқорин териш, балиқ овлаш, тоғларда сайр қилиш билан шуғулланишади — улар тоғларни яхши кўради ва ҳар бир сўқмоқни ёддан билишади.

«Тоғларнинг нимасини яхши кўрасиз?» деб сўрайман мен.

«Тоғларнинг нимаси менга ёқади? 35 йил давомида мен тоғларнинг ўсишини кузатишни жуда яхши кўраман, мен фақат шу билан машғулман. Мен кун бўйи тоғларнинг ўсишини кузатаман ва ундан даҳшатли даражада завқ оламан!»

«Хўш, улар қанчалик ўсди?»

«Ўсяпти! — деб кулади Вячеслав Чесенко. — Ўсяпти, буни пайқаш керак».
Матн муаллифи Елена Ким.
Фотосуратчи Мадина Аъзам.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.

"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг