Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Бу президентнинг 6 июлдаги [ПФ-165-сон] фармонида акс этган.

Фармон «мамлакатда инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш» мақсадида қабул қилинган.

2022−2026 йилларда Ўзбекистон инновацион ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • инновацион инфратузилма субъектлари (инновацион технологик парк, технологиялар трансфери маркази, инновацион кластер, венчур ташкилоти, инновация маркази, стартап акселератор, инкубатор) тармоғини шакллантириш орқали стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда йирик ҳажмли ишлаб чиқаришни (капитал яратиш) ташкил этиш;
  • инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг институционал механизмларини такомиллаштириш орқали инновацион фаол ташкилотлар улушини ошириш;
  • кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини ошириш орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жадал ўсишини таъминлаш;
  • янги турдаги маҳсулотлар ва инновацион технологиялар яратишнинг ғоядан якуний истеъмолчигача бўлган комплекс тизимини таъминлаш орқали инновацияларга бўлган талабни рағбатлантириш;
  • яратилган капитални «тубдан янгиловчи» инновацияларга қайта йўналтириш тизимини шакллантириш;
  • таълимнинг барча босқичларида яратувчанлик, инновацион тадбиркорлик ва рационализаторлик кўникмаларини ривожлантириш орқали инновацион фаолият бошқарувидa инсон капиталини янада ривожлантириш.

Стратегия 2024 йилдан бошлаб алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган «Йўл харитаси» асосида амалга оширилади. Бунда асосий йўналишлар эришилган натижалар ва мақсадли кўрсаткичлар бўйича шакллантирилади.

«Йўл харитаси»да кўрсатиладиган мақсадли кўрсаткичлар қуйидагиларни назарда тутади:

  • инновацион фаолият субъектлари (саноат ишлаб чиқариш ташкилотлари) сонини 613 тадан 2250 тагача етказиш;
  • инновацион инфратузилма субъектлари (технопарклар, технологиялар трансфери марказлари, инновацион кластерлар, венчур ташкилотлар, инновация марказлари, бизнес-инкубаторлар ва акселераторлар) сонини 3 бараварга ошириш;
  • инновацион тадбиркорлик натижасида яратиладиган янги иш ўринлари сонини 4 бараварга ошириш;
  • ички ва ташқи бозорларда тижоратлаштириш натижасида яратиладиган янги инновацион ишланмалар сонини 2 бараварга ошириш.

Стратегияни ҳудудлар кесимида амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари қуйидагиларни назарда тутади:

  • ҳудуддаги инновацион марказлар сонини 494 тагача етказиш;
  • технологик инновациялар билан шуғулланувчи маҳаллий саноат корхоналари сонини 600 тагача етказиш;
  • ҳудудларда яратиладиган янги технологиялар сонини 384 тагача ошириш;
  • ҳудудларда йиллик рўйхатга олинган патентлар сонини 184 тагача етказиш;
  • хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илмий, инновацион ва технологик лойиҳалар сонини 183 тагача ошириш;
  • инновацион стартаплар сонини 1 437 тагача етказиш.

Жорий йил 1 августдан бошлаб инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этишда «тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот» занжирининг қуйидагиларга асосланган яхлит тизими жорий этилади:

  • ҳудудий тармоқ ташкилотлари инновацияларга бўлган эҳтиёж (лар) портфелини ишлаб чиқиб, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади;
  • Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари тармоқ муаммоларининг илмий ечимини таъминлаш бўйича ижрочи илмий/олий таълим ташкилотини (инновацион спин-офф компаниясини) танлов асосида аниқлайди;
  • танлов натижаларига кўра илмий/олий таълим ташкилоти (инновацион спин-офф компания) «1+1» принципи асосида тармоқ ташкилотлари билан бирга ишлаб чиқилган лойиҳаларни молиялаштиради;
  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилиши бозорда муваффақиятли ўзлаштирилган инновацион маҳсулотларни кенгайтириш ва келгусида сериялаб саноатда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида инвестиция портфели ишлаб чиқилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот» занжирини амалиётга тўлиқ ва сифатли татбиқ қилиш бўйича тартибни ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 августдан «тубдан янгиловчи» инновациялар яратишни рағбатлантиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади:

  • маҳаллий илмий ташкилотлар ва корхоналарга инновацион товарлар ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича давлат органлари ва йирик давлат ташкилотлари билан шартномаларни тўғридан-тўғри имзолаш ҳуқуқи берилиб, савдо харидлари Электрон кооперация портали орқали амалга оширилади;
  • устав фондида 50 ва ундан ортиқ фоиз давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларида фойда солиғини тўлагунга қадар фойданинг 10 фоизгача миқдоридаги ажратмалари ҳисобидан корхоналарнинг алоҳида ҳисоб рақамида шакллантириладиган Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.

Мазкур жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари «тубдан янгиловчи» инновацияларни яратишга ва жорий қилишга йўналтирилади. Унинг маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар портфели Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилади.

Қолаверса, ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда улушли молиялаштириш механизмига мувофиқ янги ишланмаларни жорий этиш асосида яратилган инновацияларни — интеллектуал мулкни ишланма эгалари билан биргаликда патентлаш ва тижоратлаштиришни ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилади.

2026 йилга келиб Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 56 та илғор мамлакати қаторига кириши бош мақсад қилиб қўйилди. Қайд этилишича, 2021 йилда эълон қилинган Глобал инновацион индекс рейтингида мамлакат 2020 йилга нисбатан 7 та поғонага кўтарилиб, 132 та давлат орасида 86-ўринни эгаллаган.

Ҳужжатда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда Глобал инновацион индекс рейтингида Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича 2022−2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши кўзда тутилган.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда «Инновацион менежмент», «Лойиҳа бошқаруви», «Тижоратлаштириш», «Интеллектуал мулкни бошқариш» йўналишлари бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, тегишли ОТМларда жорий этади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда меҳнат бозорида инновацион ривожланиш йўналишидаги кадрларга бўлган реал эҳтиёждан келиб чиқиб тайёрланган кадрлар тақсимотини ва бандлигини таъминлаш чораларини кўриши белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ўз туман (шаҳар)ларининг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, қуйидаги туман (шаҳар)ларни инновацион ҳудудга айлантиради:

  • Чирчиқ шаҳри, Мўйноқ, Нукус, Булоқбоши, Марҳамат, Ғиждувон, Ромитан, Пахтакор, Дўстлик, Қарши, Нишон, Қизилтепа, Кармана, Давлатобод, Нуробод, Ургут, Боёвут, Сирдарё, Термиз, Олтинсой, Оҳангарон, Бувайда, Олтиариқ, Урганч, Гурлан, Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманлари.

Мазкур ҳудудларда инновацион ривожланиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозими жорий этилади.

Аввалроқ президент фармони билан Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг инновацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилганди.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда тегишли туман ҳокимларининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамкорлиги йўлга қўйилади.

Президентининг [ПФ-6198-сон] фармони билан инновацияларни жорий этиш вазифаси юклатилган раҳбар ўринбосарларининг базавий лавозим маошига ҳар ойлик 30 фоиз миқдоридаги устамалар тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан (бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси мавжуд бўлмаган тақдирда Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида), хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлигига иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, илмий ва олий таълим ташкилотларининг инновацион фаолияти натижалари йиллик рейтингини юритиш, илмий ва олий таълим ташкилотларининг илмий фаолияти бўйича баҳолаш ҳамда янги илмий ишланма ва технологиялар яратиш лойиҳаларини молиялаштиришнинг янги тизимларини ишлаб чиқиш вазифалар юклатилди.

Шунингдек, вазирлик электрон кооперация портали орқали амалга ошириладиган инновацион маҳсулот ва хизматларни тўғридан-тўғри харид қилишга оид шартномаларнинг реестрини юритиб, инвестицион лойиҳаларда инновацияларни жорий қилиш, ҳудудларда ўзлаштириладиган инвестиция лойиҳаларини технологик ечимлар билан тўлдириш, шу йўналишларга инвестиция олиб келинишида кўмаклашади.