Бирлашган Араб Амирликларининг учта компанияси Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига инвестиция киритади. Сешанба куни президент Шавкат Мирзиёевга мазкур инвестиция лойиҳалари тақдимоти намойиш этилди.

Унга кўра, Қашқадарёнинг Нишон туманидаги «Талимаржон» ИЭС хусусийлаштирилади. Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоевнинг таъкидлашича, ИЭС кенгайтирилиб, модернизация қилинади.

Лойиҳа учун БААнинг «Mubadala» ва «Taqa» компанияларининг инвестициялари жалб қилинади.

Бундан ташқари, «Masdar» компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд (Каттақўрғон тумани), Сурхондарё (Шеробод тумани) ва Жиззах (Ғаллаорол тумани)да умумий қуввати 900 МВт бўлган қуёш электрстанциялари, Навоийда шамол электр станциясини қуриш режалаштирилмоқда.

«Masdar компанияси билан қайта тикланувчи энергетика соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар 2030 йилгача мамлакатимизда „яшил энергетика“ улушини 25 фоизга етказишда муҳим қадам бўлади. Шу боис, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур битим ва ҳужжатлар имзолашни тезлаштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди», — дейилади хабарда.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий электротехника маҳсулотлари ва ишчи кучидан фойдаланиш бўйича топшириқ олганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳалаштирилаётган қуёш электрстанциялари 2023 йилда ишга тушади, шамол электрстанциялари эса 2024 йилдан бошлаб электр энергиясини ишлаб чиқаришни бошлайди.

Вазир ўринбосари «Талимаржон» ИЭС хусусийлаштирилганда, ундаги ишчиларнинг иш ўрни сақлаб қолиниши, ИЭСда янги бошқарув услуби ва технологиялар жорий этилишини маълум қилди.

«Инвесторлар — БААнинг „Mubadala“ ва „Taqa“ компаниялари кўпроқ операцион самарадорликка эришиб, пировард натижада электр энергиясини етказиб беришни ҳам нарх, ҳам узлуксизлиги ва ишончлилигини таъминлайди», — деди у.

Унинг таъкидлашича, қуёш ҳамда шамол электрстанцияларига инвестор бўлган БААнинг «Masdar» компанияси маҳаллий ишчиларни ишлатган ҳолда, дунёдаги етакчи компанияларнинг технологияларини олиб келиш эвазига ишлаб чиқарадиган яшил энергиянинг ҳам миқдорини, ҳам нархдаги мақбуллигини таъминлайди.

Мазкур 5 та лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 3 млрд долларни ташкил этади. Президент бу лойиҳалар энергетика тизими барқарорлигига ҳамда иқтисодиёт тармоқларига инвестиция оқими янада кўпайишига замин яратишини таъкидлади.