Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат режими юмшатилди

Қорақалпоғистонда комендантлик вақти 23 дан соат 5 га қадар этиб қисқартирилмоқда, бунга қадар соат 21 дан соат 7 гача эди. Республикадаги вазият барқарорлашгани туфайли президент ҳудудда фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

200 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилади

Марказий банк 15 июлдан 200 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилишини маълум қилди. Мазкур банкнота «Буюк Ипак йўли» ҳамда Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.

БААнинг учта компанияси Ўзбекистонда электр энергия ишлаб чиқаришга $3 млрдлик инвестиция киритади

«Талимаржон» ИЭС БААнинг «Mubadala» ва «Taqa» компаниялари ёрдамида модернизация қилинади. «Masdar» компанияси Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах ва Навоийда қуёш ва шамол электр станцияларини қуради. Мазкур лойиҳаларга жами $3 млрд жалб этилади, бунда маҳаллий маҳсулотлар ва ишчи кучидан фойдаланилади.

Сирдарёда тўрт нафар ёшлар экстремистик мазмундаги материалларни тарқатганликда гумонланмоқда

Мирзаобод туманида 18−24 ёшлар орасидаги тўрт нафар фуқаро «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилоти таъсирида экстремистик мазмундаги аудио-видео материалларни танишлари орасида тарғиб қилиб келганликда айбланмоқда. Суд гумондорларни айбдор деб топса, 5 йилдан 8 йилгача қамалиши мумкин.

17−22 июль кунлари ҳарорат 47 даражагача исиб кетиши кутилмоқда — Ўзгидромет

17−22 июль кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ҳаво харорати +41 даражадан +47 даражагача, хусусан, Тошкент шаҳрида +45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Буни синоптиклар минтақадан жазирамани «суриб ҳайдаб юборадиган» совуқ антициклон оқимлари мавжуд эмаслиги билан изоҳлашмоқда.

Ҳавони ифлослантираётган бешта гипс ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди

Экология қўмитаси Фарғона вилоятида ҳавони ифлослантираётган бешта гипс ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини вақтинча тўхтатиб, мажбурий кўрсатмалар берганди. Қўмита корхоналар берилган муддатда кўрсатмани бажармагани учун уларни судга берди.

Самарқандда ўз жонига қасд қилган аёлнинг эрига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тойлоқ туманида 30 ёшли аёл ўз жонига қасд қилганди. Суд-тиббий экспертиза марҳуманинг танасида енгил тан жароҳатлари мавжудлигини аниқлади. Марҳуманинг турмуш ўртоғига нисбатан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддаси билан жиноят иши очилди.

Ўзбекистон ва ЕИК Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхатини имзолади

Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхатини имзолади. Унда божхона ҳамкорлиги, санитария ва фитосанитария стандартлари, юк ташишни рақамлаштириш ва бошқа соҳалардаги ёндашувларни босқичма-босқич мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Жаримаси мавжуд транспортлар ЙПХ постларида тўхтатилади

Ҳукумат қарори билан 13 июлдан ЙПХ постларида транспортлар жарималари бор ёки йўқлигига қараб, «яшил» ва «қизил» йўлакларга йўналтирилади. Қарздорлиги бор ҳайдовчилар шу жойнинг ўзида тўловни амалга оширса, ҳаракатда давом этишига рухсат берилади, акс ҳолда эса машина жарима майдончасига қўйилади.

ЙТҲ: Тошкентда электросамокатдан йиқилган фуқаро шифохонада оламдан ўтди

Тошкентда электросамокат бошқарувини йўқотган фуқаро ариққа йиқилиб тушиб, олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада ҳаётдан кўз юмди.

Қашқадарёда аёл эри ва унинг қариндошлари томонидан «самосуд» қилинди

Қашқадарёда аёл ўзининг эри ва унинг қариндошлари томонидан калтакланди. Вилоят ИИБ бунга аёл бошқа фуқаро билан ишқий муносабатда бўлиб юргани сабаб бўлганини айтмоқда. Аёлни боғлаб қўйиб, сочини кесиб, калтаклагани ва қамчи билан муттасил ургани учун гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Андижон ҳокими қарорида қандай қилиб вазирларга топшириқ кетгани тушунтирилди

Андижон вилояти ҳокими президент қарори бандлари кўчирилган ҳужжатни имзолади, бунинг оқибатида у бир қанча вазирлар ва Тошкент шаҳар ҳокимига топшириқ бергандек тасаввур уйғотди. Вилоят адлия бошқармаси бу қандай содир бўлгани ва ҳужжат нега ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаганини тушунтирди.

Туркманистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади

14−15 июль кунлари Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади. У президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади ва Самарқандга боради.

ЕТТБ Самарқандга электробуслар харид қилиш учун 95 млн еврогача маблағ ажратиши мумкин

ЕТТБ Самарқанд шаҳри учун электробуслар партияси, улар учун зарядлаш шохобчалари ва бошқа инфратузилма объектларини сотиб олишга 95 млн еврогача маблағ ажратиши мумкин.

Хива реставрация мактаби ташкил этилади

Ҳукумат қарори билан Хива реставрация мактаби ташкил этилади. Соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш, илмий тадқиқот олиб бориш ҳамда хорижлик экспертлар иштирокида илмий анжуманлар ташкил этиш мактабнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Uzbekistan Airways Тошкентдан Токиога авиапарвозларни қайта йўлга қўймоқда

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2020 йил мартида тўхтатилган Тошкент — Токио мунтазам рейсини қайта йўлга қўймоқда.

Фарғонадаги музейда 70 та экспонат сохта бўлиб чиқди

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида ўтказилган назорат тадбирларида умумий баҳоси 2,5 млрд сўмлик 70 дона ноёб экспонат қалбакилари билан алмаштирилгани аниқланди.

ОТМ талабалардан «обходной» тўлдиришни талаб қилиши президент фармонига зид — Адлия вазирлиги

Айрим ОТМларда президент фармонига зид равишда талабалардан «айланма варақа»ни қоғоз шаклда тўлдириб келиш талаб этилмоқда. Адлия вазирлиги ўтказган текширувларда бу ўз тасдиғини топди. Олий таълим вазирлиги ва тегишли ОТМларга президент фармони ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича тақдимнома киритилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фотоматериаллар:

Фото: Коинотнинг инжа гўзаллиги James Webb нигоҳида

NASA энг кучли James Webb космик телескопи томонидан олинган илк суратларни эълон қилди. Уларда — коинот қаърининг олис ёшлиги: юлдузлар ва галактикаларнинг туғилиши ва ўлими, қора туйнуклар ҳамда улкан космик чанг булутлари акс этган.

«Ўзбек таксиси парапланда учишдан хавфлироқ». Парапланчи ўз машғулоти ҳақида

Чорвоқ парадромида парвоз қилиш истагидагиларга бу бахтни ўзбек парапланеризми кашшофи Вячеслав Чесенко тортиқ этмоқда. «Газета.uz» ундан шогирдлари, кўзи ожиз йўловчилар, ўзбек парапланеризми тарихи ва ривожланиши ҳақида сўради.

«IT соҳаси фақат ақллиларники эмас, бу соҳа сабрлиларники» — Mastercard дастурий муҳандиси Азамат Тоштемиров

Mastercard компанияси дастурий муҳандиси Азамат Тоштемиров — «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони. Биз ундан давлат органлари ва хусусий секторда ишлаш ўртасидаги фарқлар, АҚШдаги ўқиш ва Mastercard`даги иши, шунингдек, ёшларга берадиган маслаҳатлари ҳақида сўрадик.

Жазирама иссиқда қандай жон сақлаш мумкин? — тавсиялар

Жазирама иссиқ кўпчиликнинг ҳаётига хавф солиши мумкин. Бундай шароитда танани, хонадонимизни қандай салқин ҳолда сақлашимиз ва соғлиғимизни қандай ҳимоя қилишимиз мумкин? «Газета.uz» ушбу мақолада бу борадаги тавсияларни эътиборингизга ҳавола этади.