7 июль куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистон президентининг 27 июндаги ОАВ ҳамда журналистика соҳасини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган ҳужжатни имзолади.

Қарор билан ҳоким АКТ вазири Шерзод Шерматов, адлия вазири Русланбек Давлетов, молия вазири Тимур Ишметов, қурилиш вазири Ботир Зокиров, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Адиз Бобоев ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга топшириқ берган. Бу эса жамоатчилик томонидан муҳокамаларга сабаб бўлди.

Бу ҳужжатда президент қароридан мазкур ҳудудга мослаштирилмаган ҳолда кўчирилган бандлар борлиги туфайли содир бўлди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, қарор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш қоидаларига асосан, белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Вилоят адлия бошқармаси матбуот хизматининг қайд этишича, ҳоким қарорларида одатда ижрочиларга тушунарли бўлиши учун президентнинг қарорида кўрсатилган вазифалар матни такрор маълумот учун кўрсатиб ўтилади.

«Бу бошқа вилоятларда ҳам анъанага айланган амалиёт. Вазирликларга топшириқлар берилган деган талқинни ҳам, юқоридаги ҳоким қарорининг тегишли бандини охиригача ўқиб чиқиб, аниқлаб олиш мумкин, яъни президент қароридаги топшириқлар маълумот ва ижро учун қабул қилинган. Шунингдек, вилоят ҳокими қарори билан иловалар тасдиқланмаган, балки президент қарорида тасдиқланганлиги инобатга олинган», — дейилади хабарда.

Ҳоким қарорининг 3-иловасидан парча.

Бироқ, ҳужжатда президент қароридаги илова эканлиги бирор тарзда кўрсатиб ўтилмаган, балки вилоят ҳокимининг қарорига илова деб аниқ қайд этилган.

Адлия бошқармаси ҳоким қарори нега ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаганига ҳам изоҳ берди. Қонунчиликка мувофиқ уч турдаги қарорларни ер муносабатларига доир, норматив тусдаги қарорлар, кўчмас мулкни бузиш билан боғлиқ қарорлар экспертизадан ўтказилади.

«Андижон вилоят ҳокимининг мазкур қарори юқоридаги қарорлар тоифасига кирмаганлиги сабабли адлия бошқармасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайди», — дейилади хабарда.

Адлия бошқармаси ҳокимнинг ҳар бир қарори адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши ҳақидаги фикрларни ҳам рад этди. Бу иш ҳокимлик юрисконсульти томонидан амалга оширилади.