Самарқанд вилояти Самарқанд тумани «Чақа» маҳалласида 17 ёшли йигит автомобиль бошқариб кетаётганида ҳалокатли ЙТҲ содир этди. Фожеа тафсилотлари ҳақида Sevimli телеканалининг Zamon дастури хабар берди.

Самарқанд вилояти ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Хуршид Сафаровнинг маълум қилишича, ҳали автомобиль бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган йигит Cobalt русумли автоуловни бошқариб, синглисининг дугоналарини уйига олиб кетаётган бўлган. Автомобиль юқори тезликда ҳаракатланиши натижасида 4H-495V маҳаллий йўлининг 2-километрида йўлдан чиқиб кетиб, паст текисликка ағдарилиб кетган.

Репортажда воқеа гувоҳи пачақланган автомобиль остидан икки қизни чиқариб олгани, улардан бири шу ернинг ўзида вафот этганини сўзлаб берди. Одамлар ярим соат ичида ҳам келмаган «тез ёрдам»ни кутмасдан, жабрланганларни Damas машинасида касалхонага олиб боришган.

Иккинчи қиз эса туман касалхонасида вафот этган. Яна бир йўловчига шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатган. Хабарда ҳайдовчининг саломатлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Zamon дастурида шунингдек, Самарқанд вилоятида Damas ҳайдовчиси вафот этган яна бир ЙТҲ ҳақида хабар берилди. «Олмаота — Бишкек — Тошкент — Шаҳрисабз — Термиз» М-39 автомобил йўлининг Жомбой тумани ҳудудидан ўтувчи 1072-километрида Damas машинасининг ёқилғиси тугаб қолади. Ҳайдовчи автоуловни итариб кетаётганида орқадан келаётган юк машинаси уриб юборади.

ЙҲХБ хабарига кўра, Damas ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган, орқадан келиб урган транспорт воситаси ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида юк автомобили ҳайдовчиси топилди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.