БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан 40 та мамлакат ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

«Дунё» ахборот агентлигининг аниқлик киритишича, ҳужжатни Нью-Йоркда ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов тақдим этди.

Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва унда икки минтақа мулоқотининг умумий ёндашувлари, асосий принциплари ва йўналишларини мустаҳкамлаб қўйиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил июль ойида ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги Тошкент конференциясида илгари сурилган эди.

Давлат раҳбари анжуманда сўзлаган нутқида Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг тарихий яқинлиги, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосидаги мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган эди.

Тошкент конференциясида дунёнинг 50 мамлакатидан 600 га яқин вакил, жумладан, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга йўллаган видеомурожаатида «ўзаро алоқадорлик савдо, иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишда муҳим рол ўйнаши» ва «Марказий ва Жанубий Осиёда узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни ўрнатишга ҳисса қўшиши мумкин"лигини таъкидлаган эди».

Ҳужжат ҳаммуаллифлари қаторида Озарбайжон, Арманистон, Ангола, Вьетнам, Вануату, Гана, Куба, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Кот-д'Ивуар, Қатар, Миср, Эрон, Непал, Малайзия, Мўғулистон, Марокаш, Покистон, Россия, Сенегал, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Шри-Ланка, Филиппин ва бошқалар бор.

Резолюцияда Вена декларацияси ва унинг 2014−2024 йилларга мўлжалланган денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодий ўсишни тезлаштириш учун транспорт ва транзит коридорларининг аҳамияти ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар самарадорлигини ошириш ва уларнинг ноёб транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқаришнинг муҳимлиги қайд этилган.

Ҳужжатда минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашда минтақавий ташкилотларнинг муҳим роли, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ўрнатишда Афғонистоннинг роли, шунингдек, унинг иқтисодий ривожланиши ҳамда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувининг аҳамияти эҳтироф этилди.

Ҳужжатда қашшоқликни камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ва денгиз портларига қулай, барқарор ва хавфсиз йўналишларни очувчи янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш мақсадида Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш қоидалари ўз аксини топган.