«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, айни пайтда чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб боради. Ватандан узоқдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида суҳбатлашамиз. Лойиҳанинг янги меҳмони — Mastercard компанияси катта дастурий муҳандиси Азамат Тоштемиров.

Азамат Тоштемиров 1990 йилнинг 12 ноябрь куни Наманган вилоятида туғилган. 2012−2016 йиллари Тошкентдаги Турин политехника университетида таҳсил олган. Биринчи иш жойи, GM Uzbekistan компаниясида аввал дастурчи, кейин тижорат агенти сифатида ишлаган. 2018−2020 йиллари эса UzAuto Motors АЖнинг Маркетинг, мониторинг ва савдони ривожлантириш дирекцияси ички савдо бўлимида фаолият юритган. 2020 йилдан 2021 йилга қадар Инновация вазирлиги хузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказида (SP-Center) етакчи илмий ходим лавозимида фаолият олиб борган. Ҳозирда АҚШдаги Маҳариши Халқаро Университети магистранти. Шунингдек, Mastercard компаниясида катта дастурий муҳандис лавозимида ишламоқда.

— Хорижга кетгунингизга қадар бўлган ҳаётингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Хорижга илк бор 31 ёшимда чиққанман. Бу вақтгача эса ҳар хил соҳаларда ишлаганман: бозорда пакет сотишдан қурт сотишгача. Наманганда санъат коллежда ўқиганим сабаб тўйларда хизматда бўлганман. Ўша пайтларда «35 ёшимгача ҳофизлик қиламан, кейин ҳеч ким мени тўйга айтмаса керак» деб ўйлаганман.

Шу пайт ичида битта дўкон қураман, битта Нексия оламан, дўконга маҳсулотларни олиб келиш учун махсус машина оламан, деган орзуларим бор эди. Лекин қайсидир бир йили илк марта Рамазон ойида рўза тутганимда, бир бурда нонга тўйиб қолгандим. Шунда ҳаёт фақат еб-ичишдан иборат эмаслигини, яқинларимизга ёрдам қилиш билан ҳаёт мазмуни шаклланишини тушуниб етгандим.

Шундан сўнг соҳамни ўзгартиришга қарор қилдим. Дастурлашни танлашимга мени қишлоғимиздаги Эркин ака илҳомлантирган. У киши оддий математика ўқитувчисининг фарзанди эди. Эркин ака дастурлаш орқали кучли мутахассис бўлди ва ўзининг билими орқали кўпчиликка фойда келтирди. Ундан илҳомланиб шу соҳани танлаганман.

— Сиз Тошкентдаги Турин политехника университетини битиргансиз. У ерда ўрганган энг катта сабоғингиз нима?

— Очиғи, ҳозиргача ҳаётимдаги энг тўғри қабул қилган қарорим айнан шу университетга ўқишга кирганим деб ўйлайман. Исталган дастурлаш компанияларининг талабларига қарасангиз, Algorithms & Data structure (алгоритмлар ва маълумотлари тузилмаси), System design (тизимлар дизайни) каби талаблар қўйилади. Катта компанияларда ҳаттоки Operating system (операцион тизим) бўйича тегишли билимлар талаб қилинади. Турин политехника университетининг бакалаврида айнан шу нарсалар ўқитилган.

Турин университетида Саноатда Ахборот технологияси ва Автоматик бошқарув тизими йўналишида ўқиганман. Асосан C, Java дастурлаш тилларини ва Алгоритм, Операцион тизимлар фанларини ўрганганман. Бу янги билимлар ишга киришимга анча қўл келди.

Бу университетда ўрганган энг катта нарсам бу — босимга бардошли бўлиш ҳамда қисқа муддатда кўп нарсани ўргана олиш қобилиятлари. Италия таълим тизимини Американикидан ҳам қийин деб айта оламан.

— Ўзбекистондаги таълим тизими ҳақида фикрларингиз қандай?

— Бизда кўпроқ тартиб талаб қилинади. Масалан, форма талаби бор. Лекин ўзим айнан давлат университетида ўқимаганим учун бу нарсани ҳис қилмаганман. Мен ўқиган жойда анча бемалолгарчилик эди. Яъни формасиз борсак ҳам, соқолимизни ўстириб борсак ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Асосан яхши ўқиш, имтиҳондан ўтиш муҳим эди. Лекин бошқа университетлар ҳақида бирор нарса дея олмайман.

Ўзбекистонлик талабаларнинг кўпчилиги баҳо учун ўқийди. Бизнинг университетда тахминан 5 фоиз талаба чин дилдан ўқирди, қолганлар эса имтиҳондан ўтиш учун ўқиган, чунки тўлов контракти қиммат бўлган. Контрактга таъсир қилмаса ҳам баҳо учун ўқиш бизда жуда кучли.

— Ўқишни битиргач UzAuto Motors компаниясида иш олиб боргансиз. У ерда нималар билан шуғуллангансиз?

— UzAuto`га ишга киришимга сабаб, компания Турин политехника университетининг 20 та талабаси учун грант ажратганди. Мен ўша грант асосида ўқишга кирганман. Шу орқали компанияга ишга қабул қилинганман.

Компаниянинг стратегик бўлимларидан бири — эҳтиёт қисмлари савдоси бўйича тижорат агенти бўлиб ишлаганман. Кейин савдо бўлимида савдо агенти бўлиб ишлаганман. Қиладиган ишларим асосан савдо бўйича назорат, навбат назорати билан боғлиқ бўлган.

— Бир йил давомида Инновация вазирлиги хузуридаги SP-Center`да етакчи илмий ходим бўлиб ҳам ишлагансиз. Давлат ишида ишлашнинг хусусий сектордан қандай фарқлари бор?

— Етакчи илмий ходим сифатида аэрокосмика ва учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш лабораторияларида тегишли лойиҳалар устида ишлардим. Ундан ташқари, сунъий интеллект соҳасидаги давлат дастурлари бўйича муҳокамаларда ҳам мутахассис сифатида иштирок этардим.

Марказ раҳбарларидан бири АҚШ ва Канадада ишлаган одам эди, шунинг ҳисобига у билан ишлаш осон бўлган. Ишга вақтида борардик, вақтида қайтардик. Агар қолиб ишламоқчи бўлсак, ўзимизнинг устимизда ишлардик, давлатнинг ишини қилмасдик. Мажбуран ишда олиб қолиш ҳолатлари бўлмаган.

Ўзбекистонда хусусий секторда яхши тадбиркорлар жуда ҳам кам. IT-соҳада бор, лекин бизда тадбиркорлар асосан глобал миқёсда лойиҳалар қилишни билмайди. Шунинг ҳисобига хусусий сектор фақат ички бозор билан аралашиб қолган. Бобир Акилхановга ўхшаб чет элга аутсорсинг қилса, хусусий секторлар ҳам анча ривожланарди.

Шунинг учун ҳам бизда асосан карьера деганда давлат ишини тушунишса керак. АҚШдагига ўхшаб Google, Amazon каби катта компаниялар тушунилмайди.

— Маҳариши халқаро университетига қандай ўқишга кирдингиз?

— 2021 йилнинг май ойида YouTube`да «Силикон водийси» ҳақида видеони томоша қилдим. Ўша видеода 5 йилдан бери кўришмаган қадрдоним Фарруҳ Ҳабибуллаевни кўриб қолдим. У Amazon компаниясида ишлаётгани ҳақида гапирганди. Унга Facebook орқали ёзиб, қандай кетганлиги ва нималар қилгани ҳақида сўрадим. У Маҳаришига ўқишга кирганини айтди. Шундан кейин мен ҳам университет сайтидан маълумотларни қидирдим.

Аввалига улар томонидан 3 та савол берилди, уларга жавоб бердим. Кейинроқ техник интервью бўлди, ундан ҳам ўтдим. IELTS ҳам сўрашмади. Кейин АҚШдаги компанияларга ишга киришда қандай интервью қилишса, инглиз тилида шундай интервью ўтказишди. Кейин билдимки, университет сиз АҚШга келиб, ишга жойлашиб кетишингизга кўзи етса, қабул қилар экан. Мен қабул қилиндим.

Маҳаришида Computer science (компьютер фанлари) йўналишида ўқияпман. Бу йўналишда асосан 8 ой университетга қатнаб ўқилса, қолган бир йили масофадан ўқилади. Ҳозир ўқиш масофадан бўляпти. Дарслар, оралиқ назорат имтиҳонлари ҳаммаси онлайн тарзда бўлади.

Худо хоҳласа, 2023 йил февраль ойида магистратурани тамомлайман.


Азамат Тоштемировнинг шахсий архивидан.

— АҚШ компаниясига қандай ишга жойлашдингиз? У ерда нималар қиласиз?

— Маҳариши халқаро университетининг битта яхши томони бор. 8 ой ўқигандан сўнг сиз тўлиқ ставкада ишга ўтсангиз бўлади. Мен 100 дан ортиқ компанияга резюме юбордим, 50 таси жавоб берди, улардан 20 тасининг охирги босқичигача бордим. Натижада 2 та жойдан таклиф келди ва улардан биттаси — Mastercard компаниясига катта дастурчи сифатида ишга кирдим.

Бу ерда мен ID app электрон ҳамён лойиҳасининг Android иловаси устида ишлайман. Бу лойиҳа Google wallet ва Apple wallet каби платформаларга рақобатчи ҳисобланади. Улар сизнинг шахсий маълумотларингизни бир жойда сақлайди. Масалан, паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби маълумотларни.

Мен бошқа Android дастурчилар учун фреймворк ёзиш, дастурга қўшимча функционаллик қўшиш, кодлар сифатини яхшилаш ва тезлигини ошириш, хатоликларни тузатиш, бошқа жамоа аъзолари билан лойиҳадаги глобал ва маҳаллий ўзгаришларни муҳокама қилиш билан шуғулланаман.

— Хорижга кетишдан аввал сиз учун энг катта мотивация нима эди?

— Ўзбекистондалигимда чет элда бўлган ўзбекистонлик дастурчиларнинг интервьюсини топиб ўқирдим. Айнан шулар катта мотивация бўлган.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам 30 ёшгача бўлган молиявий мақсадларимга эришгандим. Яъни, менга кўпроқ челленж керак эди.

— Ўша мотивация ҳали ҳам борми? Ёки янгилари пайдо бўлдими?

— Ҳалиям бор. Google ва Facebook каби компанияларда тажриба олиш, унинг муҳитида ишлаш ниятим бор. Бу ерга келганимдан кейин ўша компанияларда ишлайдиган ўртоқларим атрофидаги муҳитни, қандай дастурларда нималар ёзишини кўриб, жуда ҳайратландим.

Масалан, Google`даги ўртоғим Audi автомобилига операцион тизим ёзиш дастури устида ишлайди. Унда жудаям low-level programming (паст даражадаги дастурлаш) ишлатилишини кўриб оғзим очилди. Ҳозирги ишхонамда глобал миқиёсда дастур ёзишни яхшилаб ўзлаштирганимдан кейин шунақа low-level programming билан шуғулланишни режалаштирдим.

— Ўзбекистондан кетганингиздан кейин дунёқарашингиз қай даражада ўзгарди деб ўйлайсиз?

— Бу ерда кўп нарсани ўргандим. Бу ерда мен кўрган ўзбекистонликлар мен фақат киноларда бўлиши мумкин деб ўйлаган идеал ҳаёт тарзида яшашаркан: work-life balance`га (иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат) амал қилишади, иложи борича оиласи билан кўп вақт ўтказишади, тез-тез саёҳат қилишади, балиқ овига боришади, спорт билан шуғулланишади.

Шунингдек, мен ривожланмаган ва ривожланган давлатлардан келган кўплаб одамлар билан суҳбатлашдим ва уларнинг ўртасидаги катта тафовутни кўрдим. Ривожланмаган давлатдан келганлар асосан сиёсат ва динни муҳокама қилишса, ривожланган давлатдан келганлар ўз соҳаси бўйича қандай ўсиши кераклиги ёки 5 йилдан кейин даромади қанча бўлиши кераклигини муҳокама қилишади.

Буларни кўриб, ўз ишимни яхши қилишим кераклигини тушундим.

— Хорижга кетишингизга оилангиздагилар қандай қарашди?

— Бошида улар ортга қайтмайди деб ўйлашди ва рухсат беришмади. Уларга орзуларим, режаларим, Ўзбекистонга қайтиб, қандай лойиҳалар қилишим мумкинлиги ҳақида айтганимдан кейин буни ижобий қабул қилишди.

— Келажакдаги режаларингиз қандай? Ўзбекистонга қайтасизми?

— Бу ерда халқаро тажрибани олиб, катта компанияларда яхши тажрибани тўплаб, Ўзбекистонга қайтмоқчиман. Тошкентда туриб Американинг бирор-бир компанияси билан ишлаш режам бор.

— Ўзбекистондаги тенгдошларингиз ва хорижга ўқишга бормоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Тенгдошларимга айтардимки, агар ўз соҳасини IT`га ўзгартириб, шу соҳада кетмоқчи бўлишса, бунга ҳеч қачон кеч бўлмайди. Бу соҳа фақат ақллиларники эмас, балки асосан сабрлиларники деган бўлардим.

Кичик ёшдаги дўстларимга АҚШга келишдан олдин тил ўрганиб, тажриба йиғишлари кераклигини айтган бўлардим. Чунки бу ерда ишга кириш қийин бўлади, интервьюлари қийин. Ҳозир интернетда барча нарса очиқ, лекин буларни билиш учун ҳам барибир инглиз тилини билиш керак.

Блиц

— Эрта тонгда туришга қийналасизми?

— Ҳа, жуда қийин.

— Нимадан афсусланасиз?

— Оилада кенжа фарзандман. Шунинг учун фарзандлар орасида ота-онамни энг кам кўраётган, энг кам меҳрига тўяётган фарзанд ҳам менман.

— Агар 10 йил ортга қайтиш мумкин бўлганда, қайси хатоингизни такрорламаган бўлардингиз?

— Умуман сигарет чекмас эдим.

— 5 йилдан сўнг ўзингизни қаерда ва қандай ҳолатда кўрасиз?

— Қишлоқдаги уйда, ота-она олдида, айвон қуриб олиб, ўша ерда код ёзаётган одам сифатида ёки дунёни ота-онам билан сайр қилиб юрган ҳолатда кўраман.

— Агар тилла балиқ тутиб олсангиз, ундан Ўзбекистон учун нима сўраган бўлар эдингиз?

— Афсуски, тилла балиқ борлигига ишонмайман.