«Толибон» ҳаракати делегацияси 25−26 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Москвада бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилди, деб хабар берди «РИА Новости».

Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ 11−12 июль кунлари вазир в. б. бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россияда бўлиб, парламент, ТИВ ва Россиянинг бошқа идораларида учрашув ва музокаралар ўтказиши ҳақида хабар берган эди.

Владимир Норовнинг таъкидлашича, «Толибон»нинг конференциядаги иштироки «биз уларни тан оламиз, дегани эмас».

«Биз ушбу конференция орқали ҳозирги ҳукуматга етказмоқчимизки… Бу уларнинг Тошкент учрашуви доирасида қабул қилинган ва у ерда имзоланган халқаро мажбуриятларини бажаришга қаратилган», — деди вазир в. б.

«Бизнинг позицияларимиз — Россияники ҳам, Ўзбекистонники ҳам, қўшни давлатларники ҳам бир хил: „Толибон“ ҳаракати ўз мажбуриятларини бажариши, мамлакатдаги барча сиёсий, этник ва диний гуруҳларни қамраб олувчи инклюзив ҳукумат яратиши керак», — дея қўшимча қилди у.

25−26 июль кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади ва унда 20 дан ортиқ давлат делегациялари иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий ҳаракат июль ойи охирларида Тошкентда бўлиб ўтадиган конференцияга таклиф қилинганини билдирган эди. Қўшни мамлакат муваққат ҳукумати Ўзбекистонга Савдо вазирлиги вакиллари бошчилигидаги делегацияни юбориш истагини маълум қилган эди.