АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа қатор давлатларни Россия ва Беларусга санкциялар билан чекланган товарлар етказиб берилиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритди.

Тўлиқ рўйхат Молия вазирлигининг иккита бўлинмаси — Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи (FinCEN) ва Саноат ва хавфсизлик бюроси (BIS) тавсияларида келтирилган. Улар молия институтларини РФ Украинага бостириб киргандан сўнг жорий этилган «экспорт назоратидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг қочишга уринишларига нисбатан ҳушёр бўлишга» чақирмоқда.

Экспорт назорати биринчи навбатда Россиянинг мудофаа, аэрокосмик ва денгиз соҳаларига қаратилган. Улар, шунингдек, Россия энергетика секторини, қолаверса, «Россия элитаси фойдаланадиган ҳашаматли маҳсулотларни» ўз ичига олади.

Ўзбекистондан ташқари Россияга санкцияга тушган товарларни потенциал «етказиб берувчилар» қаторидан Грузия, Арманистон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Жанубий Африка, Тайвань, Туркия ва БАА жой олган.

Шу билан бирга, тавсияларда айрим ҳолларда назорат қилинадиган товарлар ушбу давлатларга қонуний равишда хом ашё сифатида экспорт қилиниши мумкинлиги, бироқ уларни кейинчалик «қўшимча юк ташиш пунктлари орқали» РФ ёки Беларусга етказиб бериш тақиқлангани қайд этилган.

«Россия ва Беларуснинг ҳарбий ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш учун потенциал қайта йўналтирилиши ва якуний фойдаланилиши сабабли алоҳида ташвиш туғдирадиган» товарлар тоифасига қуйидагилар киради: самолёт эҳтиёт қисмлари, гидроакустик тизимлар, антенналар, спектрофотометрлар, синов ускуналари, GPS тизимлари, вакуум насослари, нефт қазиб олиш конлари ускуналари ва бошқалар.


Саноат ва хавфсизлик бюроси Россия ҳарбий ва мудофаа секторини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган денгиз технологиялари, микроэлектроника ва бошқа технологияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган экспортдан хавотирда.

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти Россия корхоналарига қарши санкциялар режимини бузгани учун Ўзбекистоннинг Promcomplektlogistic компаниясига нисбатан чекловларни жорий қилгани ҳақида ёзгандик. У бошқа компаниялар қаторида «Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш» да гумон қилиниб, «қора рўйхат»га киритилган.