11 июль куни Ўзбекистондаги банклардан бири ўзига тегишли банкоматлардан бирида 1 млн сўмдан ортиқ (табақалаштирилган) нақд пул ечганлик учун комиссия миқдорини 1 фоиздан 3 фоизгача оширди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бозор ва бизнес қоидаларига кўра, талаб ва таклифни мувозанатлаштириш учун катта миқдорда нақдлик ечиш учун юқорироқ комиссиялар ўрнатилиши «истеъмолчилар учун ҳам, банклар учун манфаатли қадам бўлади».

«Жараённинг бундай йўлга қўйилиши нақд пулнинг транзакцион таннархи/харажатлари ва нақдликка талаб анча баланд бўлган узоқ ва чекка туманларда айниқса муҳим», — деди у.

Мазкур ҳолатга Марказий банк муносабат билдирди.

Таъкидланишича, байрам кунлари муносабати билан республика ҳудудидаги 9500 дан ортиқ банкоматларнинг узлуксиз ишлаши ва етарли миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш чоралари кўрилган.

«Банкоматлардан нақд пул ечиш учун комиссия тўловлари тижорат банклари томонидан банкоматга хизмат кўрсатиш харажатларидан келиб чиқиб мустақил белгиланади ва бугунги кунда 1 фоиздан ошмайди», — дейилади хабарда.

«Айрим тижорат банки томонидан алоҳида бир банкоматда эксперимент тариқасида табақалашган юқори комиссия тўлови ўрнатилган бўлса, эркин бозор шароитида бу ўзини оқламайди. Зеро, бошқа банкоматларда комиссия тўлови 1 фоиз ёки ундан паст қилиб белгиланганлиги сабабли истеъмолчилар арзон хизматидан фойдаланишни афзал кўради», — дейилади регулятор баёнотида.

Отабек Бакировнинг қўшимча қилишича, синов тариқасида нақд пул учун комиссия фоизи оширилган ҳудудда учта банкомат мавжуд.

«Иккитасида, комиссияси текис 1 фоиз бўлганида пул йўқ. Эрталаб тўлдирилган, бир неча минутда ечиб тугатишган шекилли. Учинчисида — мана шу тажриба банкоматида эса пул бор, одамлар олаяпти, ҳеч ким норози бўлгани йўқ. Сал нарироқда, бир неча юз метрда пайнетчи 5% дан пул ечаяпти», — деди у.

Иқтисодчининг ишонч билдиришича, «банкомат хизматлари бозорида барибир шундай бўлади».