Андижонда туман прокурори ёрдамчиси пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

10 июль куни ДХХ Андижон вилояти бошқармаси Андижон вилояти прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

Унда Қўрғонтепа туман прокурори ёрдамчиси 1500 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида қўлга олинди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куниёқ Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Агар унинг айби судда ўз исботини топса, прокурор ёрдамчиси қуйидагилардан бири билан жазоланиши мумкин — БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.