Бугун, 10 июль куни ОТМнинг чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишлари ҳамда академик лицейларга қабулнинг сўнгги куни ҳисобланади. Бироқ, Қорақалпоғистонда интернет билан боғлиқ муаммолар туфайла абитуриентлар ОТМларга ҳужжат топшира олмаяпти.

Мазкур ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати баёнот берди.

«Ҳозирда Қорақалпоғистон ҳудудида интернет тизимида айрим техник носозликлар туфайли ҳужжатларни онлайн топширишда узилишлар кузатилмоқда. Аммо хавотирга ўрин йўқ», — дейилади вазирлик хабарида.

Бу жараён ҳукумат томонидан тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳужжат топширишга улгура олмаган қорақалпоғистонлик ёшлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш муддати узайтирилиши кутилмоқда.

Ушбу масала тез орада ижобий ечимини топади ва бу ҳақидаги маълумот қорақалпоғистонлик абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига (Beeline, Uzmobile, Ucell, UMS, Perfectum mobile) SMS хабар тарзида, шунингдек, ҳудудий телеканаллар орқали етказилади, дейилади баёнотда.