Президент Шавкат Мирзиёев 8 июль куни геология соҳасидаги натижалар ва йил якунигача бўлган режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда ерости қазилмаларига солиқ ставкалари пасайтирилиб, соҳада хусусий инвесторларга йўл очилгани қайд этилди. Конларни аукцион орқали сотиш ҳисобига, 1,4 млрд доллар инвестиция киритиш бошланди.

«Навойуран» давлат корхонаси трансформацияси доирасида технологик жараён ва молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларга ўтказиш, уран ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда захирасини 2030 йилгача 2 баробар ошириш режалаштирилган. Жумладан, қўшимча захираларни 65,8 минг тонна уранга, ишлаб чиқаришни эса 45,4 минг тоннага ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 460 млн доллар сармоя киритилиши режалаштирилган.

Давлат раҳбари бу ишларни самарали ташкил этиш учун «Навоийуран»да лойиҳа офиси очиш, чет эллик мутахассисларни жалб қилиб, кадрлар малакасини ошириш кераклигини таъкидлади.

Рангли ва ноёб металли конларни ўзлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борада геологик қидирув майдонлари кенгайтирилган. Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида «Янги кон» компаниясини ташкил этиш кўзда тутилган. Бу компания литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари ижросини ташкиллаштиради.

Ерости сувлари масаласида сўнгги йилларда 21 та туманда ерости сувининг сатхи 20 метргача пасайиб кетгани айтилди. Шунга қарамасдан, жойларда ноқонуний сув қазиш ҳолатлари аниқланмоқда. 2021 йилнинг ўзида 1,2 мингта ноқонуний қудуқ бурғилаш ҳолати аниқланган.

Шу боис президент ерости сувларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди. Айни мақсадда ерости сувларини самарасиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хусусан, жисмоний шахслар учун жазони амалдаги БҲМнинг 2−5 бараваридан (600 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача) 30−50 бараваригача (9 млн сўмдан 15 млн сўмгача), юридик шахслар учун эса — 5 -7 та БҲМдан (1,5 млн сўмдан 2,1 млн сўмгача) 50−100 та БҲМгача (15 млн сўмдан 30 млн сўмгача) қаттиқлаштириш кўзда тутилган. Йил давомида қоидабузарлик такрорланган тақдирда, жарималар миқдори жисмоний шахслар учун 50−70 БҲМ, юридик шахслар учун 100−150 БҲМ (ҳозирги 5−7 ва 7−10 БҲМ) бўлади.

Шунингдек, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ерости суви захирасини ошириш чоралари кўрилаётгани айтилди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш, Қашқадарёда бу бўйича кластер ташкил этишга қаратилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Умуман, геология иқтисодиётнинг ўсишига асосий туртки берадиган соҳа. Бу борадаги салоҳиятини тўлиқ ишга солиш керак», — деди давлат раҳбари.