Президент Администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилди

Зайнилобиддин Низомиддинов президент Администрацияси раҳбари лавозимидан озод этилди.

Даулетмурат Тажимуратов айбланувчи, Лолагул Қаллиханова гумонланувчи сифатида жалб этилди

Бош прокуратура Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бўйича 14 киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Адвокат ва журналист Даулетмурат Тажимуратовга айблов эълон қилинди, журналист Лолагул Қаллиханова гумонланувчи сифатида жалб қилинди.

«Кичик деб қаралган масала катта муаммога айланади» — Танзила Нарбаева

Қорақалпоғистондаги фожеали воқеалар барча муаммолар халқ билан мулоқотда, ўз вақтида ҳал этилиши зарурлигини кўрсатди, деди Сенат раиси Танзила Нарбаева. У бундай ҳолатларнинг олдини олишда халқ вакиллари масъул эканини ва уларнинг ишини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Қорақалпоғистонда узоқ масофадаги 34 та маҳаллада тиббиёт пунктлари ташкил этилади

Президент қарорига кўра, йил охиригача Қорақалпоғистонда узоқ масофадаги 34 маҳаллада тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Республикада 120 ўринли Болалар тиббий реабилитация маркази қурилади, Нукусда оғир беморлар учун 20 ўринли паллиатив ёрдам кўрсатадиган хоспис ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев Синдзо Абэ вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Япония императори Нарухито ва бош вазири Фумио Кисидага мамлакат собиқ бош вазири Синдзо Абэ вафоти муносабати билан ҳамдарлик билдирди. Абэга 8 июль куни Нара шаҳридаги чиқиши вақтида суиқасд қилиниб, кейинроқ у шифохонада вафот этди.

Тошкентда ҳайит куни масжидга етиб олиш учун махсус автобуслар ташкил этилади, айрим йўллар ёпилади

Шанба куни пойтахтдаги 12 туманда Қурбон ҳайити намози ўқиладиган масжидларга борувчи махсус автобуслар ҳаракатланади. Автобуслар 03:00 дан 06:00 га қадар ташкил этилади. Шунингдек, соат 00:00дан соат 07:00га қадар айрим кўчаларда транспорт ҳаракати тўхтатилади. Рўйхат.

СЭС Қурбон ҳайити намози вақтида карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилади

СЭС Қурбон ҳайити намози ўқиладиган масжидларнинг санитарик ҳолатини ва карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш учун мутахассислар бириктирилишини маълум қилди. Масжидлар атрофида ташкил этиладиган озиқ-овқатларнинг ноқонуний савдоси назоратга олинади.

Фарғона халқаро аэропорти божхона пости бошлиғи қўлга олинди

У хориждан олиб келинган товарларни ноқонуний тарзда божхона назоратидан ўтказиш билан шуғулланганликда гумонланмоқда.

Байрам кунларидаги об-ҳаво ҳақида маълумот берилди

Қурбон ҳайити кунлари ёғингарчилик кузатилмайди, ҳарорат фони қулай бўлади: 9 июль кундузи +30…+35 даража, 10−12 июлда +32…+37 даража атрофида.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Аграр ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги таҳдидлар

Умида Ҳақназар, Юлий Юсупов ва Илҳом Азизов аграр ислоҳотлар соҳасидаги муаммоларни таҳлил қилишди. Экспертлар Конституциянинг 55-моддасига таклиф этилган қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиши ҳақидаги ўзгартиришдан воз кечиш кераклигини таъкидламоқда.