Ўзбекистонда амалдаги ҳафталик иш кунларини тўрт кунгача қисқартириш таклиф этилмоқда. Мазкур таклиф Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ўтказилган жамоатчилик кенгаши йиғилишида билдирилди.

Аввалига Daryo нашрида эълон қилинган мазкур хабар орадан кўп вақт ўтмасдан сайтдан, шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан ҳам ўчирилди. Чоранба куни кечга яқин хабар жойига қайтарилгани ҳақида маълум қилишди.

Йиғилишда Адхам Бекмуродов бутун дунё, хатто Буюк Британия ҳам тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича тадқиқот ўтказганини таъкидлади.

«Биз эса ҳали якшанба куни [дам олишга] курашиб, эриша олмаяпмиз. Шунинг учун бир яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак. Меҳнат унумдорлиги етти кун ишлаганимиздан кейин, саккизинчи кунда қандай бўлади?», — деди Давлат бошқаруви академияси ректори.

Адҳам Бекмуродов. Фото: Daryo.

Унинг сўзларига кўра, марказий давлат идоралари ва унинг ҳудудий бошқармалари ўртасида 500 дан ортиқ бир-бирини такрорлайдиган функционал вазифалар мавжуд. У мисол тариқасида айни бир вазифани учта органда ҳам қилинишини айтди.

«Меҳнат унумдорлиги 8 соатда давлат идораси ходими учун қанақа интенсив бўлиши керак ва шундан келиб чиқиб, уни хронометраж қилиш керак. Масалан, бир кунда у нима иш қилаяпти? Бу саволни кўтарсак, дарров бизга эътирозлар бўладики, ўзи ўтирган одамларнинг фойдаси борми? Биз фойдаси бор ёки йўқлигини баҳолашимиз керак. Бу ерда кейин топшириқ берувчи ва ижрочи ўртасида диспропорция бошланади», — деди у.

Давлат бошқаруви академияси ректори Адхам Бекмуродов Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга мурожаат қилиб, вазирлик шу масалани ўрганиб чиқса айни муддао бўлишини билдирди.

«Вазирлик ҳар бир ташкилотдаги штатларни ўрганиб чиқса, ташкилотларда бошқарувчи ва унинг ўринбосари, учта бўлим бошлиғи ва охирида бир ёки икки нафар ходим бўлиб чиқади. Шу ходим тепасида эса беш ёки олти нафар раҳбар бор. Тан олиш керак, бизда ходимнинг ойлик маошини ошириш учун унинг лавозимини кўтаришга уринамиз», — деди Адхам Бекмуродов.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг март ойида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда давлат ва хусусий секторда 6 кунлик иш ҳафтасидан 5 кунликка ўтиш мумкин ёки йўқлиги ҳақида фикр билдирганди.

«Охирги пайтда иш ўринлари 98 фоиз тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилаяпти. Агар биздаги тадбиркорлик субъектлари ўз иш фаолиятини халқаро нормаларга мослаштириш ёки ишлаб чиқариш режаларини дастурлашса [ 5 кунлик иш ҳафтасига ўтиши мумкин]. Албатта буни вақт кўрсатади. Буни бирданига қилиб бўлмайди», — деганди вазир.

Таъкидланишича, буни айрим соҳаларни танлаб олиб, амалиётга тадбиқ этиш мумкин. «Бир вақтлар мактабларимизда шанба кунлари [ходимларни] ишлатмайлик деган масалалар кўтарилганди, лекин бу ерда агар фарзандларимиз бирон-бир таълим соҳасига бормайдиган бўлса, демак ота-онасининг бандлигини ўйлашимиз керак. Айрим ҳолатларда ота-оналар шанба куни ҳам ишлашади. Фанзанди уйда бўлса, қаровчиси бўлмаса, эртага қандай қилишимиз керак, деган савол туғилади. Шунинг учун ҳам ҳамма томонларини ўйлаб, қандайдир соҳаларни танлаб олиб, қилишимиз мумкин», — дея қўшимча қилганди Низом Хусанов.