5 июль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Унда Сенатининг 28-ялпи мажлисини 8 июль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпида қуйидаги қонунлар муҳокама қилинади:

  • «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги;
  • «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги;
  • «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси ҳамда 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш режалаштирилган.

Шунингдек, сенаторлар дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровларини юбориш масалалари муҳокама қилинади.

Ялпи мажлисда экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, мамлакатда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати, шунингдек, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.

Ялпи мажлис доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.