Ўзбекистонда фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини амалга оширувчи корхоналарга берилган 80 та лицензиянинг 71 таси бекор қилинган, 12 та корхонага нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда 5 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили Зоҳид Асқаров маълум қилди (видео).

Вазирлик маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатда хорижда бандлик хизматларини кўрсатувчи лицензияга эга 6 та хусусий бандлик агентлиги фаолият кўрсатмоқда. Ҳаммаси бўлиб 9 та хусусий агентлик лицензиясига эга, 2 та лицензиянинг амал қилиши жамғармадаги захира маблағлари тўлдирмаганлиги боис олти ойга тўхтатилган, яна 1 та агентликнинг лицензияси мижозларнинг мурожаатлари бўйича 10 кунга тўхтатиб қўйилган.

Ҳаммаси бўлиб 80 та хусусий бандлик агентлигига лицензиялар берилган бўлиб, улардан 71 таси қонунчилик талабларига риоя этмаганлиги сабабли бекор қилинди (59 таси — компаниялар маълумотларига кўра, 12 тасига жиноий иш қўзғатилган).

Хусусий агентликлар ҳаммаси бўлиб 4203 нафар меҳнат мигрантини чет элга жўнатган. Жорий йилнинг 6 ойи давомида 318 нафар фуқаро уларнинг хизматларидан фойдаланиб хорижга кетган, шундан 47 нафар мигрант турли сабабларга кўра ватанга қайтган.

Зоҳид Асқаров фуқароларни бирор бир агентлик хизматларидан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилишдан аввал, унинг хорижда ишга жойлаштириш учун лицензияси бор-йўқлигини Меҳнат вазирлиги сайтидан текширишга чақирди.

У компанияларнинг инсофсизлиги ҳақида кўплаб шикоятлар бўлаётганини айтиб, ижтимоий тармоқларда хоҳловчиларга Буюк Британияда қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлар таклиф этилаётган эълонларни мисол қилиб келтирди. «Иш берувчилар» мурожаат этувчилардан кўрсатган хизматлари учун 1−2 миллион сўмдан 1500−2000 долларгача пул талаб қилиб, ҳужжатлар ва пулларни қабул қилади ва кейин мижоз алданади.

Қонунчиликка кўра, хусусий бандлик агентликлари фуқаролардан кўрсатган хизматлари учун пул талаб қилишга ҳақли эмас, улар кўрсатган хизматлари учун барча суммаларни меҳнат мигрантини қабул қилаётган иш берувчидан олишлари шарт, деб таъкидлади Меҳнат вазирлиги вакили. Кўпгина агентликлар ўзларини консалтинг компания сифатида кўрсатиб, бу орқали маслаҳатлар учун катта тўлов талаб қилмоқдалар, бироқ бу тўлов БҲМнинг бир баравари қийматидан (300 минг сўмдан) ошмаслиги керак, деди Зоҳид Асқаров.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, хорижда вақтинчалик фаолият билан шуғулланаётган меҳнат мигрантлари сони 1 март ҳолатига кўра 2,346 млн кишини ташкил этади, улардан 568,5 минг нафари (24,1 фоиз) аёллар, 827,1 минг нафари (35,1 фоиз) ёшлардир.

Бундан ташқари, уларнинг 1,5 млн нафари Россия, 366,3 минг нафари Қозоғистон, 144,7 минг нафари Туркия, 47,4 минг нафари Жанубий Корея, ва 348,1 минг нафари бошқа давлатларда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.