Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтохур туманларида яшовчи бир гуруҳ шахслар «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти аъзоси эканлиги гумон қилинмоқда. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ўтказган тадбирда аниқланди, деб хабар берди ИИВ матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти аъзоси деб гумонланаётган «И.А» 10 нафардан ортиқ синфдошларини Телеграм орқали ташкил қилган «Чойхона» ва «Иймонлашайлик» номли виртуал гуруҳларга қўшиб, тақиқланган материалларни тарқатиб келган.

Шунингдек, «И.А.» яқинлари ва кўплаб танишларини «таҳрирчилар» сафига аъзо бўлишга даъват қилиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатиб келгани айтилди. Ўз навбатида гуруҳ аъзолари мазкур материаллар билан танишиб, «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЭТ фаолиятини қўллаб-қувватлаб келишган, дейилади хабарда.

«Мазкур гуруҳнинг фаолияти айни пайтда Польшада яшириниб келаётган „Ҳизб ут-Таҳрир“ диний-экстремистик ташкилотнинг ғоявий еткачиларидан бири бўлган „Маҳмуд Абдулмўмин“ тахаллусли Холдаров Махмуджон Абдумаликович томонидан бошқарилган. У 1980 йилда Қирғизистонда туғилган, мазкур давлат фуқароси, содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда», — дейилади хабарда.

Ушбу шахс Ўзбекистондаги ва хориждаги ўзбекистонликларни радикаллашувига ҳамда жиноятчига айналиб қолишларига сабабчи сифатида кўрилмоқда.

Ҳозирда қўлга олинган шахсларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.