Ҳукуматнинг 4 июлдаги [353-сон] қарори билан Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат «Ўзбекистонда ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш» ҳамда «соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим сифатини қатъий назорат қилишнинг шаффоф ва таъсирчан механизмини жорий этиш» мақсадида ишлаб чиқилган.

Низомга кўра, рейтинг баҳолаш қуйидаги кўрсаткичлар асосида амалга оширилади:

  • таълим ташкилотлари битирувчиларининг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳон натижалари;
  • таълим ташкилотлари битирувчиларининг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлгандан кейин йил якунигача йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик ҳолларидаги жарима баллари;
  • йил якунигача қонуний кучга кирган суд қарорига асосан таълим ташкилотлари битирувчилари айби билан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони;
  • таълим ташкилотларида тўлиқ штатда фаолият юритадиган олий маълумотга ёки илмий даражага эга ўқитувчиларнинг сони тўғрисида маълумотлар.

Таълим ташкилотлари рейтингини баҳолаш кўрсаткичлар асосида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати амалга оширилади.

Таълим ташкилотлари рейтинги қуйидагича тоифаларга ажратилади:

  • 81 баллдан 100 баллгача — «яшил»;
  • 51 баллдан 80 баллгача — «сариқ»;
  • 50 баллдан паст — «қизил».

Рейтинг балл кўрсаткичлари республика бўйича ягона шаклда юритилади ҳамда йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ҳисоблаб чиқилади.

Рейтинг натижалари ҳар йили 25 январда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинади.

ИИВ рейтинг натижалари бўйича фаолият самарадорлиги даражаси «яшил» деб топилган таълим ташкилотларининг ижобий иш тажрибаси ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб борилади.


Рейтинг натижаларига кўра «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга кирувчи таълим ташкилотларига логотип берилади ва ушбу логотип таълим ташкилотининг олд кириш қисмига ҳамда [ўргатувчи] автотранспорт воситаларининг олд/орқа ойнасига мажбурий ўрнатилади.

Низом 2022 йил 1 сентябрдан эътиборан кучга киради.