5 июль куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида йўлни кесиб ўтаётган фуқарони машиналар уриб кетди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ хабар берди.

Воқеа тахминан соат 00:05 ларда Шота Руставели кўчасида содир бўлган. Ҳайдовчи 1979 йилда туғилган З.Ю. «Hyundai Santa Fe» русумли, давлат рақам белгиси 01 М 014070 бўлган автомашинада ҳаракатланиб, белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.

Зарба натижасида пиёда йиқилган ва бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган, ҳайдовчи 1983 йилда туғилган М.Х. бошқарувидаги «Toyota» русумли автомашина тагида қолиб кетган.

Натижада пиёда, 1980 йилда туғилган В.С. олган тан жараҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган. Унинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, бунда айбланувчи муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) назарда тутилган жиноят аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.