Май ойидаги «WikiStipendiya» лойиҳаси бошлангандан бери 3 июль ҳолатига кўра, ўзбекча Wikipedia`да яратилган мақолалар сони 150 000 тага етди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекча Wikipedia айни пайтда 150 082 та мақола билан барча тиллардаги Wikipedia`лар орасида 58 ўринда бормоқда. Бунга қадар эса хаттоки ўлик тиллардан ҳам пастроқ, 62 ўринда бўлган.

Лойиҳа муаллифларидан бири Канат Абдикаримовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, марафонга қадар ундаги мақолалар сони 138 мингта бўлган.

20 майдан бугунга қадар ўзбек тилида 9712 та янги мақола яратилган. «Уларнинг 4 247 таси шубҳасиз WikiStipendiya марафони доирасида яратилди, чунки айнан шунча мақола ҳакамлар баҳолаши учун Фоунтаин платформасига киритилди. Ўзбекча Википедия июнь ойида барча тиллардаги Википедия бўлимлари орасида янги яратилган мақолалар сони бўйича 9-ўринга кўтарилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу статистиканинг муҳим жиҳати шундаки, ушбу мақолаларнинг деярли барчаси бот ёрдамида эмас, балки фойдаланувчилар томонидан яратилди.

Шунингдек, ўзбек тили туркий тиллардаги Википедиялар орасида туркча, татарча, жанубий озарбайжонча, озарбайжонча ва қозоқча Википедиялардан кейин 6-ўринда бормоқда.

Унинг сўзларига кўра, президентнинг 30 июнь — Ёшлар кунида «Вики-стипендия» лойиҳаси ҳақида гапириб ўтганидан сўнг, лойиҳага қизиқувчилар ва ўзбек тилидаги мақолалар сонини кўпайтиришга ҳисса қўшишни истаганлар сони ошган.

««Вики-стипендия» лойиҳаси ишга тушгач, аввал ўзбекча Википедияда мавжуд бўлмаган жуда кўплаб мақоалалар жойланди. Масалан, «Янги Ўзбекистон боғи», «Заковат» интеллектуал ўйини, Самарқанд нони, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова ҳақидаги мақолалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, бу йил лойиҳа доирасида ўзбек тилидаги манбалар кўпайтирилади, кейинги босқичда эса хориж тиллариддаги Ўзбекистон ҳақида ёзилган мақолалар кўпайтирилади. Бундан мақсад ўзбек википедиясини кучли ўнталикка киритиш, дейилади хабарда.

Маълумот учун, лойиҳада иштирок этиш учун @Wikistipendiya_bot орқали рўйхатдан ўтиш ва Википедияда ўзбек тилидаги мақолаларни бойитишда фаол иштирок этиш мумкин. Лойиҳа АОКА, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбек тилида сўзлашувчи викимедиачилар фойдаланувчи гуруҳи билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган.

Мақолалар яратиш бўйича WikiStipendiya марафони 2022 йилнинг 20 декабрига қадар давом этади. Унда рўйхатдан ўтган ҳар қандай иштирокчи қатнашиши мумкин. Ғолиблар бир марталик стипендия билан тақдирланади:

  • 1-ўринга — 50 000 000 сўм;
  • 2-ўринга — 40 000 000 сўм;
  • 3-ўринга — 30 000 000 сўм;
  • 4−8-ўринларнинг ҳар бирига — 20 000 000 сўмдан;
  • 9−18-ўринларнинг ҳар бирига — 10 000 000 сўмдан;

Ғолибларга совринлар ҳомийлар ва ташкилотчилар томонидан тақдим этилади.