Украинада бўлаётган можаролар нафақат юзлаб инсонларнинг умрига завол бўлмоқда, балки бутун дунёдаги вазиятни — ҳам геосиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан ёмонлаштирмоқда, деб ёзади The Washington Post ўзининг Россия ва Украина ўртасидаги можаро ва унинг ечимлари ҳақидаги мақоласида. «Газета.uz» ушбу мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этади.

Украинадаги можаро ҳар куни юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда, дунёдаги очлик муаммосини чуқурлаштирмоқда, газ нархининг ва инфляция даражасининг ўсишига сабаб бўлиб, Ғарб ва Москва ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирмоқда. Буни иложи борича тезроқ якунлаш зарур. Шубҳасиз, бу иш осон бўлмайди, аммо уриниб кўриш керак.

Таъкидлаш жоизки, Украинанинг тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига фақат унинг ўзи эга. АҚШ ва унинг иттифоқчилари унга шартлар айтиб қўймаслиги керак. Бироқ бу Ғарбга музокараларни яқинлаштириш учун ҳаракат қилиши керак эмас деган маънони бермайди. Ғарб тарих сабоқлари ва жамоавий тажриба асосида ғоялар таклиф қилиши мумкин.

Тинчлик сари ҳар қандай ҳаракат жанг майдонидаги ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда шу ёз ёки кузда тузиладиган келишув билан бошланиши мумкин.

Бундай ҳолда, яқин келажакда Кремль ҳозирда ўзи эгаллаб турган ҳудудларнинг кўп қисмини, яъни мамлакат шарқи, Қрим яримороли ва улар орасидаги қуруқлик йўлаги устидан назоратни сақлаб қолади. Томонлар доимий чегаралар бўйича келишувга эриша олмайди. Киев ва Ғарб давлатлари баҳсли ҳудудлар Украинага тегишли деган принципиал позициясига амал қилади. Эҳтимол, улар Владимир Путиннинг ўрнига келадиган Россиянинг бўлажак раҳбари вазиятни улар тасаввур қилганидек кўради ва ниҳоят ерларни украиналикларга қайтариб беради, деган умидда ўзларига тасалли беришар — эҳтимол бу 2030 йилларда, Путин ниҳоят ҳокимиятни тарк этганида содир бўлар.

Унгача эса Москва санкцияларга дуч келаверади. Бироқ Путин учун рағбат сифатида Ғарб келишувга эришилган тақдирда чекловлар кучайтирилмаслиги ва кенгайтирилмаслигига ишора қилиши мумкин (масалан, Европага газ экспортини тўсиб қўймаслигига кафолат бериши мумкин). Эҳтимол, Украинада келишув шартларига риоя этилишини назорат қилиш учун халқаро кузатув миссияси жойлаштирилиши мумкин ва бу, агар Путин ҳужумни давом эттиришга қарор қилса унинг ишини қийинлаштиради.

Эҳтимол, бугунги кунда Украина бундай вақтинчалик келишувни қабул қилишга ҳали тайёр эмасдир. Аммо Киев яна бир неча ҳафта ёки ой давом этган шиддатли жанглардан сўнг, хатто илғор Ғарб қуроллари, жумладан HIMARS ракета тизимлари ёрдамга юборилганидан кейин ҳам, ҳозир Россия эгаллаб турган ҳудудларни қайтариб олишга бўлган уринишлари самарасиз бўлганини англагач, ўз фикрини ўзгартириши мумкин.

Сўнг, келишув имзолангач, томонлар узоқ муддатли ечимни топиш учун дарҳол музокараларни бошлашлари мумкин. Жараён қисқа муддатли истиқбол нуқтаи назаридан муваффақиятли якунланиши даргумон бўлса-да, бундай ҳаракатлар вариантини кўриб чиқиш асосли бўлади. Музокаралар давом этар экан, Ғарб Украинага моддий ёрдам кўрсатишда давом этиши, Россияга қарши санкциялар сақланиб қолиши керак.

Яқинда Генри Киссинжер ҳар қандай келишув Киевдан ҳудудий масалалар бўйича ён беришни талаб қилишини айтиб, бироз хавотир уйғотди. 99 ёшли давлат арбобининг сўзлари кимгадир қаттиқ туюлган бўлиши мумкин, аммо у таҳлил қилиниши керак бўлган масалани кўтарди. Фақат Украина ҳудудининг бир қисмини Россияга тўғридан-тўғри ўтишини кўзда тутадиган йўлларни кўриб чиқиш керак эмас. Бундан ташқари яна уч хил ёндашув мавжуд — ва учаласини ҳам, гап қайси қисм ҳақида кетаётганига қараб, амалга ошириш мумкин.

Биринчи йўл баҳсли ҳудудларнинг суверенитети масаласи бўйича референдумни ўз ичига олади — референдум, албатта, «совутиш даври»га олиб келиши керак. Сайловчилар Украина таркибида қолиш, Россияга қўшилиш ёки мустақил бўлишни исташларини ҳал қилишлари керак. Шуни таъкидлаш керакки, бу сценарий Россия 2014 йил март ойида Қрим яриморолини қўлга киритган ҳарбийлар қўллаган ҳар қандай «саҳна кўринишлари» ва манипуляцияни истисно қилади. Ҳақиқий референдум халқаро кузатувчиларнинг иштирокини талаб қилади ва ҳатто жанговар ҳаракатлар туфайли баҳсли ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлган фуқаролар ҳам унда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Бундай ёндашувнинг натижаларини Косово, Шарқий Тимор, Жанубий Судан ва бошқа бир қанча мамлакатларда кўриш мумкин.

Иккинчи йўл эса, аслида ҳам Украина, ҳам Россиянинг бир қисми бўладиган автоном зоналар яратишни назарда тутади. Бу ғоя 1990 йилларда серблар, хорватлар ва боснияликлар бир-бири билан қаттиқ курашишига сабаб бўлган — Босниядаги Брчко каби ҳудудларда натижасини кўрсатди. Эҳтимол, бу ёндашув Мариуполь ва мамлакат шарқидан Қримга олиб борадиган «қуруқлик йўлаги» ни ташкил этувчи бошқа ҳудудларга нисбатан қўлланилиши мумкиндир.

Учинчи йўл шунчаки қийин вазиятларни ортга суришга имкон беради. Унга кўра, икки томонлар (Россия ва Украина) бир муддат ўзаро келишмасликка «келишиб олишлари» керак бўлади. Россия ҳудудларнинг бир қисми устидан назоратни сақлаб қолади, Украина бу ерлар ҳали ҳам унга тегишли эканлигини таъкидлайди ва томонлар келажакда ўз позицияларини қайта кўриб чиқиш учун музокаралар бўйича келишиб олишга ҳаракат қиладилар. Тарихдан бунга ўхшаш ҳолат сифатида шуни кўришимиз мумкинки, Ғарб давлатлари Болтиқбўйи давлатларининг Совет Иттифоқи томонидан аннекcия қилинишини ҳеч қачон тан олмаган ва Ғарб ярим аср давомида, Совуқ уруш тугаб, Эстония, Латвия ва Литва мустақилликка эришмагунига қадар бу позицияда турди.

Шуни таъкидлаш керакки, ҳар учала ёндашув ҳам у ёки бу тарзда қўлланилган тақдирда ҳам, томонлар ўртасидаги музокаралар жуда қийин бўлади. Аммо назарий жиҳатдан, келгуси бир неча ҳафта ичида, эҳтимол, ёзнинг охиригача келишилган ва қабул қилинадиган намунани таклиф қилиш ва муҳокама қилиш мумкин бўлади. Муқобил йўл — потенциал чексиз, даҳшатли ҳарбий можаро — бу шу қадар қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатки, биз Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳамкорликда мулоқотни бошлашга ҳаракат қилишимиз керак, — дейилади The Washington Post мақоласида.

Мақола Брукингс институтининг катта илмий ходими ва ташқи сиёсат бўйича директори Майкл О’Хэнлон томонидан ёзилган.