Ўзбекистон ҳудудига Афғонистондан бешта реактив снаряд отилди

5 июль куни Ўзбекистон чегара ҳудудига Афғонистон ҳудудидан отилгани тахмин қилинаётган 5 та реактив снаряд учиб тушди. Улар портламаган, инсоний қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ.

Айрим АЁҚШларда Аи-80 бензини нархи 7500 сўмгача кўтарилди

Ўзбекистондаги баъзи АЁҚШларда бензин нархи кескин кўтарилди. Хусусан, бир литр Аи-80 — 7,5 минг сўмгача, Аи-92 — 10 минг сўмгача, Аи-95 бензини эса — 11 минг сўмгача сотилмоқда. «Ўзбекнефтгаз» эса ўзига қарашли шохобчаларда Аи-80 бензини нархи ўзгармаганини маълум қилди.

Тошкентда йўлдан ўтаётган 42 ёшли фуқарони машина уриб кетди

Яккасарой туманида 42 ёшли фуқарони йўлдан ўтаётган вақтида машина уриб кетди. У зарба натижасида йиқилган ва шу йўналишда келаётган бошқа бир автомобиль тагида қолиб кетган. Бунинг оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган. Ҳайдовчилар 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

«Диплом ва малака тоифасига эга эмас». ССВ болакайни қийнаб массаж қилган шахс ҳақида

Ижтимоий тармоқларда фуқаро ёш болакайни қийнаб, массаж қилгани акс этган видео тарқалди. Соҳа мутахассислари бундай массаждан сўнг, суяклар синиши мумкинлигини таъкидлашди. ССВ шахс диплом ҳамда малака тоифасига эга эмаслигини аниқлади ва унинг устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди.

«Замин» фонди Ғиждувонда бешта мактабни ичимлик суви билан таъминлади

«Замин» фонди «Ўзсувтаъминот» ва ХТВ билан ҳамкорликда Бухородаги умумтаълим мактабларида сув таъминоти, санитария ва гигиена лойиҳасини якунлади. Унга кўра, Ғиждувонда бешта мактаб ичимлик суви билан таъминлади. Қолаверса, мактабга яқин бўлган хонадонлар ҳам ушбу сувдан фойдаланиши мумкин.

МО давлатлари раҳбарлари 21 июль куни Қирғизистонда учрашади

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви 21 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтади.

Шомуродов Конференциялар лигасида энг тезкор футболчи бўлди

Элдор Шомуродов Европа Конференциялар лигасининг 2021−2022 йилги мавсумида 33,6 км/соат тезликни қайд этди. Шу тариқа «Рома» футболчиси мусобақанинг энг тезкор ўйинчиси деб топилди.

Ўзбекистонлик таэквондочи илк бор жаҳон рейтинги етакчисига айланди

Чарос Қаюмова таэквондо спорт тури бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллаган илк ўзбекистонлик спортчига айланди.

Италиядаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик учун қарийб 45 млрд сўм ажратилади

2023 йилдан бошлаб ўзбек спортчиларини 2026 йилда Милан ва Кортине-д'Ампеццода (Италия) ўтказиладиган Қишки Олимпиада ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш учун 15 млрд сўмгача маблағ ажратилади. Қишки спорт турлари бўйича Республика ихтисослаштирилган спорт мактабини ташкил этиш режалаштирилган.

«Ўзбекистон осойишталик ва бирликни сақлашга қодир». Хитой ТИВ Нукус воқеаси ҳақида

Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь Нукус воқеаларига муносабат билдириб, «Ўзбекистон тинчлик ва бирликни сақлаб қолишга қодирлигига» ишонишини маълум қилди. Туркия ТИВ раҳбари эса хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлашдаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

АҚШ фуқаролари Регистон майдонида никоҳдан ўтишди

Душанба куни Самарқанддаги Регистон майдонида АҚШ фуқаролари Маршалл Маер ва Эбру Саннинг никоҳ маросими бўлиб ўтди. Улар ўзбек миллий таомларини севиб истеъмол қилиши ва саёҳат вақтида тарихий Самарқандни ёқтириб қолгани боис никоҳини шу ерда ўтказишга қарор қилганини маълум қилишди.

2023 йилда яна 18 нафар давлат хизматчиси Японияга ўқишга юборилади

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси билан 2,76 млн долларлик битимни имзолади. Унга кўра, келгуси йилда яна 18 нафар давлат хизматчиси Японияда магистратура ва докторантурада ўқишга юборилади. Ҳозирда 35 киши таҳсил олмоқда.

Уйчи туман ҳокимлиги археологик ёдгорликни тадбиркорга бериб юборгани аниқланди

Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокимлиги 2019 йилда археологик ёдгорликни МЧЖга ноқонуний тарзда бериб юборгани аниқланди. Тадбиркор ёдгорлик ҳудудининг 21 сотих қисмида қурилиш қилган ва объектга 3,9 млрд сўмлик зарар етказган. Туман ҳокимлиги ва жамият мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекча Википедияда мақолалар сони 150 мингтадан ошди

3 июлга келиб ўзбекча Wikipedia`га 150 мингдан ортиқ ўзбек тилида мақолалар жойланди ва у рейтингда 58 ўринда кетмоқда. WikiStipendiya лойиҳаси бошлангандан кейин 4247 та мақола қўшилган. Ушбу мақолаларнинг деярли барчаси бот ёрдамида эмас, балки фойдаланувчилар томонидан яратилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон россияликларнинг хизмат сафари билан энг кўп борадиган ҳудудига айланди

Июнь ойида Ўзбекистон россияликларнинг хизмат сафари билан энг кўп борадиган учта ҳудуддан бирига айланди. Россия ишбилармонларининг мамлакатдаги бизнес сафарлари асосан уч кунгача давом этган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Қорақалпоғистондаги фожеа ва жамият билан мулоқотдаги муаммолар

Қорақалпоғистондаги фожеа жамият билан мулоқот қилишга эътибор берилмаслиги ҳамда стратегик муҳим қарорлар парда ортида қабул қилиниши нималарга олиб келишини намойиш қилди. Юрий Саруханян мақоласи.

«Ҳамма нарса қийин — одамлар қийналяпти». Интернетнинг ўчирилиши Қорақалпоғистонда одамлар ҳаётига қандай таъсир қўрсатмоқда?

Қорақалпоғистонда бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери интернет чекланган, шу сабабли аксарият терминаллар, банкоматлар ишламаяпти, давлат ва бошқа хизматлар кўрсатилаётгани йўқ. «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов бу ҳолат одамлар ҳаётига қандай таъсир қилаётганини ўрганди.