4 июль куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь брифингда Нукус воқеаларига ҳам тўхталиб, Хитой Ўзбекистоннинг саъй ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Хитой томони бир неча кун аввал Ўзбекистонда бўлиб ўтган воқеалардан хабардор. Ўзбекистоннинг дўст қўшниси ва кенг қамровли стратегик ҳамкори сифатида Хитой Ўзбекистон Ҳукуматининг миллий осойишталикни таъминлаш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Хитой томони шунга аминки, президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон мамлакатда осойишталик ва бирликни сақлашга қодирдир», — деди Чжао Лицзянь.

Бундан ташқари, душанба куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Туркия ТИВ раҳбари Мевлут Чавушўғлу билан телефон орқали мулоқот қилди.

Туркия ташқи ишлар вазири Ўзбекистон томонидан Қорақалпоғистон Республикасида тинчлик, хавфсизлик ва жамоат осойишталигини таъминлаш, ушбу ҳудуднинг барқарор ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган қатъий чора-тадбирларни Туркия қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари, Европа кенгаши раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилиб, «барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини» қайд этганди. Қолаверса, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг ички иши экани, Кремль мамлакат раҳбарияти фаоллик билан муаммоларни ҳал этишига шубҳа қилмаётганини билдирди.