2022 йил 5 июль куни соат 16:20 атрофида Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда Афғонистон ҳудудидан учиб келган деб тахмин қилинган бешта реактив снаряд қулагани қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

«Қайд этиш жоизки, снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, бунинг натижасида инсон қурбонлари ва вайронагарчиликлар кузатилмаган», — дейилади ТИВ хабарида.

«Термиз шаҳридаги „Мажнунтол“ маҳалласида жойлашган тўртта хусусий уйга озроқ зарар етган, бешинчи снаряд футбол майдонидан топилган. Топилган снарядлар сапёр бўлинмаси томонидан зарарсизлантирилди», — дея таъкидлайди Ташқи ишлар вазирлиги.

Айни вақтда Ўзбекистоннинг ваколатли органлари афғон томони билан мазкур ҳодиса сабабларини аниқлаштириш бўйича чоралар кўрмоқда.