Ўзбекистон давлат гербини яратиш бўйича танлов 1991 йилда мамлакат мустақилликка эришгандан сўнг эълон қилинган. Унда республиканинг барча ҳудудларидан ижодкорлар иштирок этди. Танловга тақдим этилган эскизлар Фанлар академияси профессор-ўқитувчилари ва Бадиий академия аъзоларидан иборат бўлган комиссия томонидан кўриб чиқилган. Бундан ташқари, унга турли жанр ва техникада ишлайдиган рассомлар ҳам кирган. Улардан бири график рассом Анвар Мамажонов бўлиб, у ҳам танловга ўз ишини тақдим этади. Рассом янги герб учун Ўзбекистон ССР гербини асос қилиб олган ва унга ўзбек халқи ва ўзбек заминининг тимсолларини қўшган. Анвар Мамажонов таклиф қилган герб Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 2 июлдаги сессиясида Давлат герби тўғрисидаги қонун билан қабул қилинган ва тасдиқланган.

«Газета.uz» Ўзбекистон Анвар Мамажонов билан унинг давлат рамзи яратилишидаги ўрни, герб яратилиши жараёнлари ва ижодий йўли ҳақида суҳбатлашди.

Анвар Мамажонов — график рассом, Бадиий академия аъзоси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти битирувчиси, П. Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби китоб графикаси бўлимининг ўқитувчиси. Ҳозирги кунгача қора қалам, сиёҳ ва пат билан чизиш техникаларида ишлайдиган, тасвирий санъатнинг графика йўналишига содиқ қолган камдан-кам рассомлардан бири. АҚШ, Баҳрайн, Бельгия, Ливия, Марокаш, Тунис, Ҳиндистон каби давлатларда унинг ишларининг шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган. Анвар Мамажонов 20 дан ортиқ халқаро кўргазмалар ғолиби ва давлат герби муаллифи ҳисобланади.

2019 йилда санъатшунослар, геральдика бўйича мутахассислар ва Бадиий академия профессорлари билан бир қаторда Анвар Мамажонов Тошкент шаҳрининг янги гербини тасдиқловчи комиссия аъзоси бўлган.

— Қачон рассом бўлишга қарор қилдингиз ва нега айнан графика йўналишини танладингиз?

— Бу боғчада, беш ёшимда бошланган. Ота-онам мени кеч олиб кетишганлиги сабабли тарбиячим зерикмаслигим учун рангли қаламлар берар эди. Кечқурунлари билан расм чизиб ўтирар эдим. Мактабда ижодий қобилиятларимни анча оширдим. Сўнгра А.Н.Островский номидаги Тошкент давлат театр-рассомлик институтига (ҳозирги пайтда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти — таҳр.) кулолчилик бўлимига ўқишга кирдим ва профессионал ижодий йўлимни бошладим.

1973 йилда ўқув юртини битириб, ўн йил амалий санъат фабрикасида турли кулолчилик буюмларини ясаганман. Лекин мен доим графикага қизиқиб, чизишни ҳеч тўхтатмас эдим. Эсимда, менинг алоҳида альбомим бўларди ва унда эски Тошкент, ўзбек халқининг урф-одатлари, турмуш тарзи ва миллий ўйинлари ҳақидаги турли ҳикоялар график услубда тасвирлашни яхши кўрар эдим.

«101 ўзбек» сериясидаги иш.

Мен ўзимни тўлақонли графикага бағишлаганимга дўстим Виктор Апухтин сабабчи бўлган. У ҳам график, ҳам тасвирий рассом, ҳам болалар ва классик жаҳон адабиёти иллюстратори бўлиб, мени ўз устахонасига бирга ишлашга таклиф қилди. У ерда мен эски шаҳар мавзусида бир нечта расмларни чиздим. Кейин улар Рассомлар ижодий уюшмасининг график бўлимида намойиш этилди ва илиқлик билан кутиб олинди. Бундан кейин, менга СССР Рассомлар уюшмасига аъзо бўлиш учун тавсиянома берилди, ва 1983 йилдан бошлаб мен унинг аъзосига айландим.

Кейин мени машҳур Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйига ишга таклиф қилишди. У ерда мен деярли 20 йил давомида асосан эртаклар, шеърлар тўпламлари учун расмлар чизганман ва умуман болалар адабиёти дизайни билан шуғулланганман. Биз китобларда чизган расмлар ёш китобхонларимизга ёқиши муҳим эди, чунки биз болалар учун чизардик ва биринчи навбатда ижодимиз болага маъқул бўлиши керак эди.

— Ижодий йўлингизда қандай тўсиқларга учрадингиз?

— Биз шундай замонда яшаймиз-ки, ижодий имкониятларни намойиш этиш жуда қийин, хоҳ у расмлар кўргазмаси бўладими, хоҳ алоҳида бир рассомнинг иши намойиш этилишими. Масалан, бошқа давлатларда ижодкорларга ўзини ва ўз ижодини ривожлантиришда ёрдам берадиган, тадбирларни ва кўргазмаларни ташкил қиладиган, расмларни сотадиган ва дунёга намойиш этадиган арт-диллерлар мавжуд. Бизда эса бу умуман йўқ деса ҳам бўлади.

Асосан, санъаткорлар маош олиш ва оиласини боқиш учун ишга жойлашадилар. Ижод ўз йўлига, аммо кичкина болангиз ёнингизга келиб: «Дада, мени қорним очти», деса, сиз ҳамма ишингизни ташлаб, пул ишлашга кетасиз.

«101 ўзбек» сериясидаги иш.

Мамлакатимизда санъат яхши даромад келтирмайди, аксинча, маънавий озиқа берадиган машғулотдир. Ижодий йўлимда ҳеч қандай қийинчиликлар бўлмаган, лекин оила ва ижод доимо бирга бўлиши ва бир-бирини тўлдириб туриши керак.

— Ижодингизда сизни нима илҳомлантиради ва расмлар учун ғоялар қаердан пайдо бўлади?

— Ишимда менга асосан болалар билан мулоқот жуда ёрдам берди. Уларнинг ички дунёси мени ўзига тортар эди. Боланинг тасаввури чексизлиги ва уни ҳеч қандай қолипга сиғдириб бўлмаслиги мени доимо ҳайратга солиб, илҳомлантирар эди. Кўп нарсаларни мен айнан улардан ўргандим.

Болаларни тушиниш учун уларнинг даражасига тушиш керак деб айтишади. Аммо бу даража биз катталарнинг даражасидан анча юқорироқдир. Биз, катталар, ўзимизга «тушиш керак» дейишга одатланганмиз, лекин аслида биз унга кўтарилишимиз керак. Болалар булутлар орасида учиб юриши ва хаёлий дунёда яшашга ўрганганлари учун биз улардан узоқдамиз. Агар биз уларга етолсак, ҳаммамизнинг ички дунёимизда яна бола уйғонади. У бизни болалигимизга қайтариб, яна тасаввуримизни чексиз қилиб қўяди. Ва ана шундан сўнг дарҳол янги ғоя пайдо бўлади. Ахир, бундай чизиш учун бола бўлиш керак. Ҳеч бир профессионал рассом бола чизган нарсани чиза олмайди.

— Рассом сифатида сиз учун энг муҳим воқеа бу — давлат гербининг яратилиши бўлган деса бўлади. Шу ҳақида бир оз гапириб бера оласизми?

— 1991 йилда республика танлови эълон қилинди ва унга катта-кичикдан тортиб барча иштирокчилар таклиф этилди. Давлат рамзи чиройли ва ноёб бўлишини истаганлар қатнашиб, республиканинг барча ҳудудларидан ўз чизмаларини жўнатишди.

Мен бошқа рассомлар билан бир қаторда эскизларни қабул қилиш комиссиясининг аъзоси эдим. Лекин мен график рассом сифатида қатнашдим, комиссияга эса Фанлар академияси ва Бадиий академиянинг аъзолари ва профессор-ўқитувчилари раҳбар бўлди. Ҳафтанинг ҳар чоршанба ёки пайшанба кунлари Рассомлар уюшмаси залида барча ижодий ишлар қараб чиқилганидан кейин, энг яхшилари ажратиб олинар эди.

Гербнинг янги вариантидаги Ҳумо қушининг эскизи.

Бизга юзлаб турли эскизлар келарди, уларнинг орасида нафақат махсус қоғозларда, балки оддий дафтар варақларида чизилган расмлар ҳам учраб турарди. Гербни яратиш устида бутун республика, ҳатто президент ҳам иштирок этган.

Кейин комиссия таркибидаги бир нечта рассомлар профессионал даражада иштирок этишга қарор қилишди. Мен ҳам ўз кучимни синаб кўришни хоҳладим, аҳир герб давлат рамзи ҳисобланиб, унинг ихчам бўлиши, савол туғдирмаслиги ва мамлакатнинг асл қиёфасини акс эттириши лозим эди. Шундай қилиб, геральдика ҳақидаги кўп сонли материалларни ўқиб, бошқа мамлакатлар тажрибаси билан танишиб, ишга киришдим.

Танлов тугагач, матбуотда икки рассом Баҳодир Жалолов ва Анвар Мамажонов финалга ўтгани ҳақида хабар чиқди. Ҳар икки иш нафақат комиссия аъзолари, балки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаш депутатлари томонидан ҳам кўриб чиқилди. Овоз бериш натижасида улар бир қарорга келишди.

Бундан сўнг, одатий ишлар бошланди: ниманидир олиб ташлаш, уни-буни тўғрилаш ёки қўшиш. Лекин сезиларли ўзгаришлар бўлмади. Натижада менинг эскизим асосида Олий Кенгаш Ўзбекистон Давлат гербини тасдиқлади.

— Мустақил Ўзбекистон герби нима учун Ўзбекистон ССР гербига ўхшайди?

Фото: Википедия.

— Ўзбекистон ССР герби ўзига хос чиройли эди. Мен очилган пахта чаноқлари ва пишган буғдой бошоқларидан ясалган новдалар — яъни давлатимизнинг энг муҳим бойликларини янги гербга асос қилиб олдим. Улар Мустақилликнинг яна бир рамзи — давлат байроғи рангларидан иборат лента билан боғланган. Шунингдек, тепадаги ўроқ ва болға ўрнига мен саккиз бурчакли шаклнинг ичига ярим ой ва юлдуз тасвирини жойладим. Бу бизнинг республика сифатида такомиллашишимиз ва ўз ўрнимизга эга бўлишимизнинг рамзидир.

— Марказий рамз сифатида нега айнан Ҳумо қушини танлагансиз?

— Ҳумо қуши халқимизнинг суюкли қаҳрамони саналади. Мен Ватанимизнинг халқ рамзи сифатида Семурғ бахт қушини танладим, чунки у барча эртак ва ривоятларда одамларга бахт ва умид бағишловчи тимсол деб ҳисобланган. У гербнинг ўртасида қанотлари кенг очилган ҳолда тасвирланган бўлиб, тинчлик, эзгулик ва озодликка муҳаббат маъносини ўзида мужассам этган.

Марказий ва асосий рамзлардан ташқари, гербда минтақамизнинг серҳосил заминини ўз нурлари билан ёритувчи, йилда 300 кун чарақлаб турувчи қуёш нурлари тасвири ҳам ўрин олган. Шунингдек, қорли тоғлар, хушбўй гулларга бой чаманзорлар, Амударё ва Сирдарё дарёлари оқаётган гуллаётган водийлар тасвирланган.

Гербда якуний нусхасига киритилмаган бошқа элементлар бўлмаган. Фақат бир хил элементларга мен кичик ўзгартиришлар киритдим ҳолос. Мисол учун, пахта барглари бошида тиканли чизилган эди, лекин охирида мен уларга янада силлиқ ва юмшоқроқ шакл бердим. Чунки гербда тиканли, ўткир ва хавфли элементлар бўлмаслиги керак. Ҳаммаси бир-бири билан уйғунлашиб, муносиб кўринишга эга бўлиши зарур. Умуман олганда, герб дастлаб қандай чизилган бўлса, шундайлигича қолди.

— Ўзбекистон ССР гербида: «Барча мамлакатлар пролетарлари, бирлашинг» деган ёзув бор эди. Мустақил Ўзбекистон гербига бирорта ёзув киритиш ғояси бўлганми?

— Дастлаб гербга фақат O’ZBEKISTON ёзуви киритилган. Ҳеч қандай шиор, қасамёд ёки тантанали нутқ — фақат мамлакат номи ва давлат байроғи тасвири.

Фото: Википедия.

— Гербни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнларида президент Ислом Каримов қай даражада иштирок этган?

— Давлат бошлиғига яраша, у бутун иш жараёнини кузатиб, ҳаммасини назорат қилган. Ислом Абдуғаниевич ўз истак ва тилакларини билдириб, барча таклифларни эшитиб, ўз тавсияларини берганлар. Буларнинг барчаси, албатта, инобатга олинар эди.

Масалан, гербда йиртқич ҳайвонлар бўлмаслиги кераклигини айтиб ўтилганидан сўнг, ғоялар мутлақо ўзгарди, жумладан, менинг эскизларим ҳам бошқача кўринишга эга бўлди.

Бошида мен Семурғни жанговар ва ўз Ватанининг ҳақиқий ҳимоячиси сифатида тасаввур қилгандим ва эскизда шундайлигича чизгандим. Лекин президент билдирган тилаклардан сўнг, Ҳумо қушини тинчлик, эзгулик ва меҳр тарафидан намойиш қилиш кераклигини англадим. Бундан ташқари, дастлаб қушнинг боши камтарона паст га эгилган эди, лекин президент: «Ҳумо қуши мағрур юқорига қараб туриши лозим» — деди.

— Қорақалпоғистон герби кейинчалик Ўзбекистон герби асосида яратилган. Сиз бу жараёнда иштирок этганмисиз?

— Йўқ, мен иштирок этмаганман. Қорақалпоғистон Республикасининг герби мутлақо бошқа одамларнинг меҳнати.

— Герб ва бошқа давлат рамзлари кийим-кечакларга туширилиши, автомобилларга ёпиштирилишига муносабатиз қандай?

— Агар давлат рамзлари, масалан, бизнинг спортчиларимиз кийимига туширилса буни оқласа бўлади, чунки улар халқаро майдонда бизнинг юртимизнинг вакили бўлади ва унинг шарафини ҳимоя қилишади. Баъзи бир ютуқлар ёки давлат хизматлари учун президент ёки ҳукумат томонидан гербнинг таъсвири ёпиштирилган автомобиль совға сифатида берилиши мумкин ва буни ҳам тушунса бўлади. Бироқ, бу тасвир республикамиз рамзи сифатида халқимизга ёки мамлакатимизга ҳурмат ва ғурур туйғусини таъкидлаш мақсадида қўлланилмаса, уни ишлатмаган маъқул.

— Интернетдаги маълумотларга кўра байроқнинг яратилишига ҳам ўз ҳиссангизни қўшансиз. Бу ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Бу ҳаммаси бир вақтнинг ўзида юз берди. Аввал байроқнинг, кейин эса гербнинг яратилишида иштирок этдим, лекин жараён биргаликда олиб борилар эди. Мени эскизлар билан Олий Кенгаш мажлисига таклиф қилишди, у ерда вазирлар, депутатлар ва президентнинг ўзи бор эди.

Менинг ишим тақдим этилганда, ҳар бир ранг учун таъриф беришим керак эди. Менда ҳар бир рангнинг маъноси ёзилган дафтар бор эди, унга кўра: мовий ранг — мусаффо осмон ва тоза сув рамзи, оқ ранг — тинчлик ва покизалик рамзи, шунингдек, яхши тилаклар ва ёрқин йўлнинг белгиси, яшил ранг эса — хосилдор ерлар ва табиат инъомлари рамзи. Қизил ранг Шарқда ёмон кўздан асровчи ранг ҳисобланади ва янги ҳаёт белгисини билдиради. Шунинг учун ҳар бир ранг орасига камтарона қизил чизиқлар ўтказдим.

Маърузадан сўнг менинг ғоямни барчага таништириш мақсадида ушбу ёзувлар бир неча нусхада чоп этилди ва тарқатилди. Президентга мени ғоям жуда ёқди ва у дарҳол рози бўлди. Фақат аввал байроқда халқимизнинг кўп асрлик анъаналари рамзи сифатида битта юлдуз ва ярим ой тасвирланган эди. Бироз вақт ўтгач, президент етуклик ва комиллик белгиси сифатида ойнинг ёнига 12 юлдузни киритишни таклиф қилди.

Мен таклиф қилган ранглар билан янгиланган эскиз нусхаси барчага маъқул бўлди ва Олий Кенгаш йиғилишида менинг ишим тасдиқланди.

— Шундай улкан ишни бажариб ва тарихда абадий из қолдириб, айтингчи, ижод ҳаётингизга қандай таъсир кўрсатди ва рассом бўлиш сиз учун нимани англатади?

— Биласизми, рассомга шундай савол беришганда, унинг чеҳраси ўзгара бошлайди, чунки у нима деб жавоб беришни билмайди ва ҳозиргина ёқилган чироқ каби нур тарата бошлайди. Ижод бу — менинг ҳаётим.

«101 ўзбек» сериясидаги иш.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Сиз менинг кўргазмамга ташриф буюрдингиз («101 ўзбек» номли кўргазма Иккинчи жаҳон уруши воқеаларига бағишланган ва ўзбек халқининг меҳр-мурувати билан илҳомланган бўлиб, П.Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида шу йилнинг май ойида ўтказилди — таҳр.), чизган расмларимни кўрдингиз, энди эса муаллифнинг ўзи билан тўғридан-тўғри гаплашиб турибсиз — ва кўзларингизда мен ўз ижодимнинг аксини кўраман.