Июнь ойи охирларида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси расмий ташриф билан Озарбайжонга борди.

Танзила Нарбаева Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Озарбайжон Миллий межлиси раиси Саҳиба Гафарова билан учрашувлар ўтказди.


Бундан ташқари, ташриф давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон тадбиркор аёлларининг биринчи бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари, хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик каби соҳаларни қамраб олган Ўзбекистон тадбиркор аёллари делегацияси иштирок этди, дейилади палата хабарида.


Тадбирда сўзга чиққан ҳар икки мамлакат тадбиркор аёллари икки мамлакатнинг турли соҳаларида тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг салоҳиятини юксалтириш борасида тажриба алмашиш ва долзарб муаммоларни муҳокама қилиш учун қулай майдонга айланган ушбу форумнинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлади.

Тадбир сўнгида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича комиссия ҳузуридаги Тадбиркор аёллар клуби ҳамда Озарбайжонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш уюшмаси ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.


Икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида «B2B» форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 54 млн доллардан ортиқ миқдорда 19 та шартнома ва меморандумлар имзоланди.